Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда тадбиркорлик сиёсатининг ёрқин самаралари
09:45 / 2025-12-28

Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати медиа марказида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармасининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда бошқарма бошлиғи Бобур Умрзоқов жорий йил давомида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, 2025 йил тадбиркорлар манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда муҳим бурилиш даври бўлди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга жами 22 минг 626 та даъво аризаси киритилди. Ундирилиши белгиланган маблағлар ҳажми тарихий кўрсаткичга етиб, миллий валютада 1 триллион 71 миллиард 900 миллион сўм, хорижий валютада эса 28 миллион 600 минг АҚШ доллари ва 1 миллион 100 минг еврони ташкил этди.

– Биз учун энг асосий мезон – тадбиркорнинг ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинган бўлиши, – деди Бобур Умурзаков. – Ҳар бир мурожаат ортида аниқ тақдир, аниқ иш ўрни ва иқтисодий фаоллик туради. Шу боис суд орқали ҳимоя масаласида қатъиятли позицияни сақлаб қолдик ва бу ўз самарасини берди.

Қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида йил давомида 224 та тақдимнома киритилиб, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 25 та норматив таклиф ишлаб чиқилди. Бу тадбиркорлик муҳитини янада соғломлаштиришга хизмат қилди.

Ҳисобот даврида бошқарма томонидан 2002 нафар тадбиркор билан бевосита мулоқотлар ташкил этилди. Учрашувлар жараёнида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган ёки қўшимча қўллаб-қувватлашни талаб этувчи 915 та аниқ муаммо аниқланди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, палата сафига 2261 та янги аъзо қабул қилинди. Сервис хизматлари самарадорлигини ошириш мақсадида 13 минг 799 нафар тадбиркорга турли йўналишларда бепул хизматлар кўрсатилди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, 1861 нафар ёш ва аёллар махсус ўқув курсларида касбий тайёргарликдан ўтказилди. Натижада 265 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди.

– Тадбиркорликни ривожлантириш фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий барқарорлик масаласи ҳамдир, – дея таъкидлади Бобур Умурзаков. – Ёшлар ва аёлларни касбга йўналтириш орқали биз янги иш ўринлари яратиш билан бирга, оилалар фаровонлигини ҳам оширишга ҳисса қўшяпмиз.

[gallery-26937]

Матбуот анжуманида 2026 йил учун белгиланган устувор вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Келгуси йилда тадбиркорлик субъектларини рақамлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.

Тадбир якунида журналистлар ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари