Жорий йилнинг 6 ноябрь куни эрта тонгдан бошлаб Жиззах шаҳри марказидаги Шароф Рашидов (1917–1983) ҳайкали олдида вилоят ташкилотлари раҳбарлари, зиёлилар ва фаол талаба-ёшлар йиғилиб, улуғ арбоб хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтиришди.
Тадбир давомида Шароф Рашидовнинг мамлакат равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги фидокорона хизматлари, шунингдек, адабиёт, санъат ва маданият ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси юксак баҳоланди.

Давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида таваллуд топган. У ўзининг фидокорона сиёсий фаолияти ва сермазмун ижодий мероси билан ХХ аср Ўзбекистони тарихида чуқур из қолдирган сиймолардан бири сифатида танилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ш. Рашидов раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги, саноат ва шаҳарсозлик соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни, Тошкент шаҳрининг зилзиладан кейинги тикланишида ҳамда метрополитен қурилишидаги ташаббусларини ёдга олишди. Шунингдек, тадбирда Ш. Рашидов ўзининг достон, қисса, роман ва шеърлари орқали ўзбек адабиётида ҳам муносиб ўрин эгаллагани таъкидланди.

Тарих гувоҳлик берганидек, собиқ иттифоқнинг сўнгги даврларида Шароф Рашидов номига асоссиз туҳматлар ёғдирилган бўлса-да, мустақиллик йилларида унинг ҳаққоний номи тикланди, ҳаёт йўли ва фаолияти муносиб баҳосини топди.

Жиззахда ўтказилган ушбу тадбирда ҳам “Аждодлар меросини қадрлаш – ёшлар учун илҳом манбаи” экани қайд этилди. Дарҳақиқат, Ш. Рашидов сингари меҳнаткаш, масъулиятли ва ватанпарвар авлодлар изидан бориш юртимиздаги ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчи эканлиги уқтириб ўтилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА