Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда сайловчиларнинг 275 мингга яқинини ёшлар ташкил этади
17:57 / 2021-09-23

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ёшларнинг сайлов ҳақидаги билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида ташкил этилган “Ёш сайловчи – 2021” ёшлар акцияси Жиззах вилоятида давом этди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Жиззах вилоятидаги 798 минг сайловчининг 274 минг 704 нафарини 18-30 ёшдаги сайловчилар, шунингдек, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида биринчи маротаба иштирок этадиганлар 22 минг 705 нафарни ташкил қилмоқда. Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад эса ҳудудддаги ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий ҳамда сайловга оид билимларини бойитиш ва мустаҳкамлаш, уларнинг сайловдаги фаолигини оширишдан иборат.

Жиззах шаҳрининг “Ўрда” экологик боғида акция доирасидаги лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. “Мунозара” интеллектуал беллашуви, “Ўз келажагимни ўзим белгилайман, Сизчи?” шиори остидаги иншолар танлови, ютуқли викторина, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини аниқлашга қаратилган “Сиз биласизми?” телеўйини ва “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаларини ёшлар катта шижоат ва қизиқиш билан қарши олди.

– Бугун акция доирасидаги ютуқли викторинада муваффақиятли иштирок этдим, 10 та саволдан 8 тасига тўғри жавоб бериб, китоблар жамланмасини қўлга киритдим, – дейди Жиззах шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби бошланғич ташкилот етакчиси Дилфуза Эргашева. – Aнчадан буён Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарини сотиб олиш ва ўқиш ниятим бор эди. Лойиҳа орқали ушбу ниятим амалга ошадиган бўлди.

Ёшлар акцияси доирасида жазони ижро этиш муассасасидаги маҳбуслар ва вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасидаги ёш шифокорлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Шунингдек, акция иштирокчилари Зомин туманида ҳам бўлиб, ёшлар билан учрашувлар ўтказишди. Пешағор қишлоғи ҳудудида жойлашган 20 га яқин қишлоқ ёшларининг 100 нафарига 50 сотихдан ер ажратилган бўлиб, улар ажратилган ер майдонига маккажўхори экишган ва 20 миллион сўмдан ортиқ даромад олиш ниятида. Aкция доирасида бу ердаги ёш деҳқонлар билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Акция давомида жиззахлик ёш сайловчиларга сайлов жараёни ҳақида мунтазам маълумот бериб борувчи yoshsaylovchi.uz электрон платформаси ҳақида маълумотлар берилди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА