Жиззахда бўлиб ўтган “Қозоғистон тиббиёт кунлари” икки мамлакат соғлиқни сақлаш тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 2025–2026 йилларга мўлжалланган режалар асосида ташкил этилган ушбу тадбир тажриба алмашиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш имкониятини яратди.
Тадбирда Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмасида гинеколог, ревматолог, офтальмолог, жарроҳ, рентгенолог ва лаборатория мутахассислари бирламчи тиббий кўриклар ўтказди. Қозоғистонлик ҳамкасблар ҳамда маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида кўчма маммография ва компьютер томографияси ускуналари ҳам қўлланилди. Бу саратонни эрта аниқлаш имкониятларини кенгайтирди.
Қозоғистонлик гинеколог Лаззет Жилкибаеванинг айтишича: – Жиззахда аёллар саломатлигига эътибор юқори. Оилани режалаштириш ва ҳомиладорлик давридаги парвариш соҳасида жиддий ютуқлар қайд этилди. Ўткир гинекологик касалликлар камайган, бу эса тиббий хизмат сифати ва маҳаллий аҳолига қаратилаётган эътиборнинг натижасидир.
Тадбир давомида жиззахлик ва қозоғистонлик шифокорлар ўзаро тажриба алмашишди, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имконияти яратилди. Улар тиббий суғурта тизими ва DMED лойиҳаси бўйича ҳам фикр алмашдилар.
Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Камола Муратова таъкидлаганидек: – Бу тадбир нафақат тиббий хизмат сифатига ижобий таъсир кўрсатади, балки икки давлат ўртасидаги ижтимоий ва профессионал алоқаларни мустаҳкамлайди. Бирламчи тиббиёт муассасалари орқали вилоят аҳолисини жалб қилиш тизим самарадорлигини оширади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири