Жиззах вилояти мусиқали драма театрида анъанавий “Президент арчаси” янги йил тадбири бўлиб ўтди. Болажонлар учун ташкил этилган ушбу қувончли тадбирда театр ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Вақт ўғриси” номли томоша ҳамда концерт дастури намойиш этилди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қалбида қувонч ва умид уйғотиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси сифатида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент арчаси” тадбирлари йилдан йилга болаларнинг энг севимли ва интиқлик билан кутиладиган байрамларидан бирига айланиб бормоқда.
Мазкур байрам тадбирларини мазмунли, кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтказиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар учун байрамона муҳит яратиш, уларни сифатли совғалар билан қувонтириш ҳамда ҳар бир боланинг эътибордан четда қолмаслигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бугунги кунда Меҳрибонлик ва Мурувват уйларида тарбияланаётган болалар, “SOS – болалар маҳаллалари”, оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун махсус Президент совғалари тайёрланди.
Жами 11 минг 125 дона Президент совғалари шакллантирилиб, уларнинг таркибига болаларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилувчи 24 турдаги ўқув анжомлари, шунингдек, болажонлар севиб истеъмол қиладиган 34 турдаги ширинлик маҳсулотлари киритилди. Айни пайтда мазкур совғалар мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб белгиланган манзилларга етказилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Жиззах вилоятига жами 411 дона Президент совғалари етиб келган. Улардан 370 таси болаларга тарқатилган бўлиб, 41 таси захира сифатида қолдирилди. Шунингдек, 65 дона совға оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларига, 273 донаси эса маҳаллаларда васийлик ва ҳомийликка олинган болаларга етказиб берилди.
[gallery-26935]
Давлатимиз раҳбарининг ёш авлодга бўлган доимий эътибори ва ғамхўрлиги натижасида бундай эзгу тадбирлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши белгиланган бўлиб, бу болалар қалбида янги йил қувончларини янада ошириш, уларнинг эртанги кунга бўлган ишонч ва орзуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА