French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда пахтанинг асосий қисми машиналарда терилади (+видео)
20:47 / 2025-09-18

Бу йил Жиззах вилояти бўйича 290 минг 680 тонна пахтани йиғиб-териб олиш мўлжалланган бўлиб, унинг 80 фоиздан ортиғи махсус терим машиналари орқали амалга оширилади.

Вилоятдаги пахта етиштирувчи 7 та туманда ҳосилни қисқа муддатларда самарали ва сифатли териб олиш мақсадида 446 та унумли пахта териш машинаси жалб этилган. Улар 112 та отряд таркибида фаолият юритмоқда.

Шу ўринда пахта йиғим-теримида ўқувчи болалар, талабалар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этмаётганини, мажбурий меҳнатга умуман йўл қўйилмаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бу йил пахтачилик учун об-ҳаво қулай келди. Маҳаллий ва минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилди. Майдонларнинг катта қисмида чигит плёнка остида экилиб, сув танқислигини инобатга олган ҳолда томчилатиб суғориш усули кенг қўлланилди. Натижада барча агротехник талабларга риоя қилинган ҳолда юқори ҳосил олинди.

Пахта йиғим-терим ишлари энг самарали ташкил этилган ҳудуд сифатида Дўстлик тумани эътироф этилмоқда. Тумандаги 12 минг 800 гектар майдондан 57 минг 500 тонна пахта етиштирилиши режалаштирилган.

[gallery-25358]

Биз тумандаги Рахим Есенқулов номли сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) далаларида бўлиб, илғор фермерлар, механизаторлар ва хўжалик ишчи-хизматчилари билан суҳбатлашдик. Улар унумли меҳнат қилиш учун барча шароитлар яратилганини, ҳозирда асосий мақсадлари етиштирилган мўл ҳосилни тезроқ, ёғин-сочинга қолдирмай йиғиштириб олиш эканини таъкидлашди.

– Фермер хўжалигимизда 80 гектар ер бор, шунинг 34 гектарига пахта, қолганига буғдой экиб, ҳар гектардан 70–75 центнер ғалла ҳосили олдик, – дейди шу СИУдаги “Орзулар фаввораси” фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Суюнов. 

– Баҳорда далага С-8290 чигит навини 76 схемада экиб, машина теримига мослаб, парвариш қилдик. Давлатга шартнома асосида 165 тонна пахта топширишни режалаштиргандик. Ҳозирча 45–50 центнердан ҳосил оляпмиз. Яна 2–3 кунда режани ортиғи билан бажарамиз. Майдонларда ҳосил мўл, унинг бир мисқолини ҳам қолдирмай йиғиб олишни режа қилганмиз.

Илғорларнинг ҳам пешқадамлари бўлади деганларидек, тумандаги “Умирзоқ”, “Ўлмас Зебинисо”, “Чашма-2”, “Ислом пахтазори” каби фермер хўжаликлари даласидан ҳар гектарига ўртача 50–60 центнергача ҳосил олинмоқда.

– Жорий мавсумда туманимизда 3894 гектарга хитой, 8906 гектарга эса маҳаллий С-8290 навли чигитлар экилди, – дейди Дўстлик туман агроинспекцияси бўлими бошлиғи Файзулла Болиқулов. – Бугунги кунга келиб, туманимиздаги мавжуд 375 та пахтачилик фермер хўжалигининг деярли барчаси теримни бошлаб юборди. Хитой давлатидан ўтган йили 10 та, жорий йилда 17 та 4 қаторли “Boshiran 4MZ-4A” русумдаги жуда унумдор пахта териш машиналарини олиб келдик. Айни пайтда туманимиз пахта далаларида 47 та унумдор пахта териш машинаси икки сменада ишламоқда. Механизаторлар ва йиғим-теримга жалб этилганлар учун иссиқ овқат ва дам олиш жойлари ташкил этилган. Ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тўғридан тўғри далага етказиб берилмоқда.

Терилган пахтани қабул пунктларига ўз вақтида етказиб бериш учун 150 та ташиш техникаси ва 600 га яқин тиркама жалб этилган. Жараён яхлит тизим асосида йўлга қўйилган.

Бу йилги натижалар нафақат ҳосил миқдорининг кўплиги, балки уни йиғиш жараёнининг самарадорлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Илгари 30–35 центнерни ният қилган фермерлар бугунги кунда 55–60 центнер ҳосил оляпти. Бу эса сувни тежовчи технологиялар, илмий ёндашув ва замонавий техника имкониятларининг тўлиқ ишга солинаётганидан далолат беради.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Дўстлик туманининг пахтакорлари ҳосилнинг 85 фоизини унумдор терим машиналари орқали териб олишга аҳду паймон қилишган. Чунки бунда пахта тез териб олинади, таннарх эса анча арзонга тушади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zbUFPkCwLzM" title="Jizzaxda paxtaning asosiy qismi mashinalarda teriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлар