English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда Ўзбекистон ва Хитой инновацион маркази барпо этилади
11:08 / 2025-09-08

Президентимизнинг Хитойга амалга оширган давлат ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарлари билан муҳим учрашувлар ўтказди. Ушбу музокараларда “Jiangsu World Agricultural Machinery” компанияси раҳбари жаноб Чжу Линжун ҳамда “Aladdin Holdings Group” компанияси раиси жаноб Янг Жен Цян фаол иштирок этишди.

Учрашувларда Қашқадарё вилоятида пахта териш комбайнлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва йиғиш учун замонавий завод қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Шунингдек, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 30 минг гектарлик дала майдонларида Хитойнинг илғор тажрибасига таянган юқори ҳосилдор пахта етиштириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Муҳим келишувларга мувофиқ, Жиззах вилоятида умумий қиймати 400 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Ўзбекистон–Хитой инновацион маркази барпо этилади. Ушбу мажмуа замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ҳамда маданий-туристик саноатни ривожлантиришга хизмат қилади. Марказнинг биринчи босқичи 2026 йил бошида қурила бошланиши режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 30 гектар ер майдони ажратилган.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Инновацион марказ орқали илғор технологиялар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилиб, вилоят ҳамда бутун республикада қишлоқ хўжалиги сифати ва самарадорлиги янада юксалади.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири