French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда ўзбек футболининг 110 йиллиги нишонланди
17:54 / 2022-04-05

Жиззах вилоятининг ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла, таълим муассасалари, болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай байрам тадбирларидан бири “Сўғдиёна” марказий стадионида бўлиб ўтди. Байрам муносабати билан вилоят ҳокими Эргаш Салиев Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) раҳбарияти ва фахрий футболчилар билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди. Вилоят ҳокими Жиззахдаги улкан ислоҳотлар самараси “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби эркаклар ва аёллар, турли ёшдаги болалар жамоалари ва футзал бўйича Жиззахнинг “Huaxin Жиззах” жамоаси мамлакат чемпионатида муваффақиятли қатнашаётгани мисолида ҳам яққол намоён бўлаётганини таъкидлади.  
Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти маслаҳатчиси Раҳмиддин Зикрияев мамлакатимизда футбол ривожига қўшган ҳиссаси учун вилоят ҳокими Эргаш Салиев ва футболни ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ вилоят раҳбарларига ЎФА кўкрак нишони ва эсдалик совғасини топширди. 

Сўнг футзал бўйича ўтказилаётган вилоят чемпионатининг кейинги босқичига чиққан 8 та жамоа беллашувлар учун қуръа ташлаш маросимида қатнашди. “Сўғдиёна” марказий стадиони захира майдонида ЎФА фахрийлари ва Жиззах вилояти футболи фахрийлари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув дуранг – 3:3 ҳисобида якунланди.  
– Ўзбек футболининг 110 йиллиги вилоятимизда футбол байрами сифатида кенг нишонланаётгани ёшу қарини қувонтирди, – дейди спорт фахрийси, мураббий Илҳом Юсупов. – Фахрийлар билан учрашувлар ёшлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтайди. Футбол мутахассислари билан учрашув ва мастер-классларда ўзбек футболининг ўтмиши ва бугуни, келажак режалар ва ёшларнинг маҳоратини ошириш ҳақида сўз борди. Футбол мураббийлари ва “Сўғдиёна-W” аёллар жамоаси аъзолари болаларга мастер-класс ўтди.  

Вилоят ҳокими Эргаш Салиев ва ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, спорт фахрийлари вилоят марказида янги барпо этилаётган футбол академиясидаги қурилиш ишлари билан танишди. Ушбу академия учун шаҳар марказидан 4 гектар ер ажратилган бўлиб, унда катта ҳажмдаги стандарт майдон, сунъий қопламали майдон ва футзал учун мўлжалланган мажмуа қурилиши режалаштирилган. Академияда 180 ўринли ётоқхона, ошхона, ўқув корпуслари ҳам барпо этилади. 

[gallery-6476]

А.Қаюмов,  
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА