Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” дастурлари ижроси таъминланмоқда
10:19 / 2025-02-05

Жиззах вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Пахтакор туманидаги “Самарқанд” ҳамда “Дилором” маҳалла фуқаролар йиғинларига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Алишер Ҳамидов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.  

1967 йилда ташкил этилган Пахтакор туманида асосий инфратузилма иншоотларининг барпо қилиниши Жиззах чўлларини ўзлаштириш даврига тўғри келади. Ўз умрларини чўлни ўзлаштиришга, ҳудудни обод этишга сарфлаган фуқаролар фаолияти, уларнинг меҳнати-ю, ютуқлари ҳақида мақтовлар кўп ва хўб гапирилган бўлсада, амалда уларнинг турмуши ўз ҳолига ташлаб қўйилгани жуда афсусланарли ҳол. Натижада уй-жойлар, йўллар инфратузилмаси, коммунал, ижтимоий соҳалардаги ўткир муаммолар юзага чиқиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига, давлат идораларига бўлган мурожаатларининг кўпайишига олиб келди.  

[gallery-21594]

Бугунги кунда туманда “Обод хонадон”,  “Обод кўча”, “Обод маҳалла” дастурларини изчил амалга оширишга киришилгани моҳиятан ана шундай муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Роппа-роса бир ой муқаддам, яъни жорий йилнинг январь ойи бошида мазкур дастур асосида “Самарқанд” маҳалла фуқаролари йиғинида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва инфратузилмани замонавий кўринишга келтириш мақсадида пул маблағлари ажратилган ва жадал ҳаракатлар бошланган эди.

Бугунги кунгача ҳудуд аҳолисини оқова суви билан таъминлаш мақсадида мавжуд 1,5 километр масофадаги лотоклар тозаланди, қўшимча 2,5 километр масофага ариқ ва лоток тортилди. “ЮР-24” канали устидан 1 дона чархпалак ҳамда “100” русумли насос агрегати ўрнатилибди.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар оралиғидан ўтувчи 2,6 километр йўлга тўлиқ асфальт қопламаси ётқазилибди. Маҳалла ҳудудидаги мавжуд 36 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 1,2 километр оқова суви (канализация) тармоғи ҳамда 35 та назорат қудуғида тозалаш ва ювиш ишлари амалга оширилган. Шу ҳудудидаги кўп қаватли уйларга олиб келинган 0,7 километр узунликдаги электр кабеллари тартибга келтирилиб, қўшимча 15 дона темир-бетон таянч устунлари ўрнатилган.

Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги ҳар хил диаметрли 1,7 километр газ қувурлари тартибга келтирилиб, 350 метр узунликда демонтаж ва монтаж ишлари бажарилди, 10 дона газ тақсимлаш пункти ва 1,9 километр масофадаги газ қувурларида бўяш ишлари ниҳоясига етказилибди.

Тегишли соҳа вакиллари томонидан маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уй-жойлар атрофидаги майдонлар хатловдан ўтказилиб, аниқланган 270 та ноқонуний қурилишнинг барчаси бартараф этилиб, ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиси махсус транспорт воситалари ёрдамида олиб чиқиб кетилиб, ер текисланиб, у ерга 7800 туп манзарали дарахт кўчати экилибди.

Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида 8 та тандирхона қурилиб, мавжуд 5 та болалар майдончаси ва 4 та ҳожатхона таъмирдан чиқарилган. Битта чиқиндихона янгидан қурилиб, 10 дона янги чиқинди қутилари ўрнатилибди. Маҳалланинг кириш қисмига 4 та замонавий қуёш панелли тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган.

Айни кунларда эса ушбу жараён ҳудудий майдони 51 гектардан иборат “Дилором” маҳалласида ҳам қизғин давом этмоқда. Дастлаб 27 та кўчада истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари хатловдан ўтказилиб, кўп йиллардан буён йиғилиб келаётган муаммолар ўрганилган. Ўрганишлар давомида тоза ичимлик суви, йўл таъмири, электр энергия ва газ таъминоти, тиббий ёрдам кўрсатиш ва бандлик масаласи билан боғлиқ кўплаб муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш юзасидан “Йўл харитаси” ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилибди.  

Мазкур режага мувофиқ маҳаллада 5 километр узунликдаги ички йўлларга бетон ётқизиш, 0,4 километр масофада пиёдалар йўлаги барпо этиш, 2 та трансформаторни юқори қувват билан ишловчи қурилмага алмаштириш, 11 та темир-бетон устунларини янгилаш, 3 километр узунликда электр “СИП” кабелини тортиш, 1 километр масофадаги газ қувурларини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш, 0,05 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғини таъмирлаш, катта ёшдагилар учун “workouta” ҳамда болалар учун спорт майдончаси қуриш, ҳудуднинг кириш қисмига арка ўрнатиш каби долзарб вазифалар белгиланган.

Хусусан, бу ердаги илк иш жараёнида ҳудудда жойлашган 59 та икки қавватли тураржой атрофида аниқланган 850 та ноқонуний қурилиш бартараф этилиб, бунинг натижасида ҳосил бўлган чиқиндилар махсус техникалар ёрдамида ташиб кетилди.  

Пресс-тур давомида асосий диққат-эътиборимизни бош режага мувофиқ маҳалладаги 6- ва 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари, 9-сонли умумтаълим мактаби, вилоят наркология диспансери, 2 та мини сунъий қопламали стадион, сервис ва хизмат кўрсатиш ҳамда савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига қаратдик.  

Ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида кўчаларнинг қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бораётгани, йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилаётгани, бўш майдонларда яшил майсазорлар барпо этилиб, турли-туман дарахт ва гул кўчатлари экилаётганининг гувоҳи бўлдик.  

– “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” дастурлари лойиҳаси доирасида туман ҳудудидан ўтган “Мирзачўл” катта канали ёқасидаги бўш майдонда аҳоли дам олиш масканлари, турли- туман хизмат кўрсатиш шохобчалари, соғломлаштириш муассасалари, савдо расталари қурилиши ҳам режалаштирилгани эса ҳудуднинг ҳақиқий инновацион туманга айланиши борасида яна бир дадил қадам бўлганини таъкидлаб ўтган бўлардим, – дейди Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Алишер Ҳамидов. – Бугун мамлакатимизнинг шаҳар-у қишлоқлари тубдан ўзгариб, чирой очиб бораётганини нафақат ўзимиз, балки дунёнинг манаман деган давлатларидан ташриф буюраётган  меҳмонлар ҳам эътироф этиб, ҳавас билан қарашмоқда. Диёримизга жаҳон аҳлининг қизиқиши, эътиборининг кучайиши эса, бугунги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг нечоғли катта аҳамиятга эга эканлигининг ёрқин исботидир.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Mxd3q_YgvsA?si=lEmn63WeOUaDjK92" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат,видео),

ЎзА  мухбирлари