Жиззахда ногирон болалар учун ижтимоий такси хизмати йўлга қўйилди
Жиззах шаҳрида ногиронлиги бўлган мактаб ёшидаги болалар учун мўлжалланган ижтимоий такси хизмати ўз фаолиятини бошлади.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маҳаллий ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан “Яндех Узбекистан” ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
2025 йил баҳорида дастлаб Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида синов тариқасида жорий этилган ижтимоий такси хизмати бугунги кунда Жиззах, Бухоро, Қарши, Фарғона, Урганч, Қўқон, Наманган, Навоий, Нукус, Гулистон ва Хива шаҳарларида ҳам иш бошлади.
Лойиҳа доирасида давлат ҳар бир бола учун ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баравари — 494 400 сўм миқдорида транспорт харажатларини қоплаб беради. Бу маблағ болага берилган имтиёз турига қараб, сафар нархининг 60 ёки 100 фоизини ташкил қилиши мумкин.
ЎзА