French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда Назир Сафаровнинг 120 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди
16:51 / 2025-01-28

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров таҳсил олган Жиззах шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида адиб таваллудининг 120 йиллигига бағишлаб маънавий-маърифий кеча ташкил этилди.

Тадбирда вилоят, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими тизими раҳбар ва вакиллари, меҳнат фахрийлари, адибнинг қариндош-уруғлари, мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этди.

Кечада Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиятов, меҳнат фахрийлари Ортиқ Саидов, Имомқул Бердиев, Назир Сафаровнинг жияни Мамажон Сафаров ва бошқалар сўзга чиқиб, адиб билан бўлган учрашувларидаги ҳаётий воқелар ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Иштирокчилар эътиборига Назир Сафаров ижод ва ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Публицист, очеркнавис, драматург ва ёзувчи Назир Сафаров 1905 йили Жиззах шаҳрида таваллуд топган. У аввал Жиззах шаҳридаги эски мактабни, кейин янги тизимдаги 10-сонли умумтаълим мактабини тамомлаб, Самарқандда қишлоқ ўқитувчиларини тайёрлаш курсида таҳсил олади. Курсни тугатгач, 15 ёшли Назир иш фаолиятини 1920-1922 йиллари Жиззах шаҳридаги, 1923-1924 йиллари Митан (ҳозирги Иштихон) туманидаги умумтаълим мактабларида ўзидан бир неча ёш катталарга сабоқ бериш билан бошлаган. Сўнгра 1925-1927 йиллари Самарқанд вилояти Жиззах уезд маориф тизимида фаолият юритди. Назир Сафаровнинг илк мақолалар тўплами 1930 йил “Янги турмуш учун кураш” сарлавҳаси остида чоп этилган. Шундан кейин Сафаровнинг “Қора кунлар кўланкаси” (1931), “Унутилмас кунлар” (1932) тўпламлари босилган. 

[gallery-21467]

У Тошкентдаги фаолиятини 1928 йилда “Қизил Ўзбекистон” газетасида бўлим мудирлигидан бошлаган. Шунингдек, Назир Сафаров меҳнат фаолияти давомида “Ишчи” газетасида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, Республика “Колхоз-совхоз сайёр театри”да адабий эмакдош, Ўзбекистон давлат нашриётида ва сўнгра Тошкент киностудиясида директорлик лавозимларида ишлади. 

Адибнинг ўзбек драматургияси шаклланишида муҳим роль ўйнаган “Тарих тилга кирди”, “Уйғониш”, “Шарқ тонги” каби саҳна асарлари томошабинлар томонидан илиқ қарши олинган. 

II жаҳон уруши даврида Назир Сафаров фронтнинг олдинги жабҳаларида бўлиб, жангчиларнинг қаҳрамонлиги, душманнинг ёвузлигини ҳикоя қилувчи “Ўқ ўтмас ботир”, “Водиллик қаҳрамон”, “Комиссар Қорабоев”, “Севги”, “Сўнгги нафасгача”, “Ўзбек фарзандлари”, “Қаҳрамоннинг туғилиши” каби қатор очерклар ёзди. 

Адиб урушдан кейинги йилларда “Очерклар” тўплами, “Олияхон Султонова”, “Хадича Аҳророва”, “Катта карвон йўлида”, “Узоқни кўзлаган қиз”, “Инсон изи” сингари қисса ва очеркларини ёзган. 

Ёзувчининг 1954-1957 йилларда яратган замонавий мавзудаги катта асарлари “Ҳаёт мактаби” ва “Элмурод” каби пьесаларидан иборатдир. 

Назир Сафаровнинг “Олтиной”, “Олма олмадан узоққа тушмайди”, “Аҳмадали ўз бахтини қандай топди” ҳикоялари ғоявий- бадиий жиҳатдан пухталиги билан ажралаб туради. Унинг “Наврўз” романи ХХ асрнинг 60-йиллар адабиётида сезиларли воқеа бўлган. “Кўрган кечирганларим” асари учун эса адиб Ҳамза номидаги Республика давлат мукофотига лойиқ топилган. Драматургия соҳасидаги катта хизматлари учун Назир Сафаров 1955 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби”, 1975 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонларига сазовор бўлган.
Назир Сафаров таваллудининг 120 йиллигига бағишланган тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан адибнинг асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этилиб, намуналар ўқилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат, видео), ЎзА мухбирлари