Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Янгиланиш, яшариш байрами бўлган қутлуғ айём муносабати билан “Ўрда”экобоғи ранг-баранг тусдаги байрамона безаклар билан безатилиб, ҳар бир туман ўзлари учун ажратилган павильонда миллий қадрият ва урф-одатларимизни намоён этувчи маънавий-маърифий ва бадиий тадбирларни намойиш этмоқда.
Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев “Ўрда” экобоғидаги амфитеатрдаги байрам тадбирида сўзга чиқиб, барча йиғилганларни ва бутун Жиззах аҳлини Наврўз умумхалқ байрами билан самимий қутлади.
Наврўз тантаналарида республика пойтахтидан келган таниқли санъаткорлар, ёш истеъдодли ҳаваскорлар ўз куй-қўшиқлари билан байрамга янада файз ва шукуҳ бағишлади.
[gallery-22381]
Дилрабо наволар остида жўшқин рақслар намойиш этилиб, байрам иштирокчиларининг кайфияти янада кўтарилди.
Тадбир давомида миллий қадриятларимизни акс эттирувчи кўргазмали чиқишлар, бетакрор бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ушбу жозибадор томошалар байрам қатнашчиларига унутилмас таассуротлар улашиб, Наврўз байрамининг қайноқ ва меҳрга тўла муҳитини янада бойитди.
Байрам концертидан сўнг вилоят раҳбари меҳнат фахрийлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар, идоралар раҳбарлари ва журналистлар ҳамроҳлигида ҳар бир туман учун ажратилган байрам павильонларида бўлиб, у ерда ташкил этилган кўргазмаларни кўздан кечирди, маҳаллий ҳунармандлар, санъат усталари ва ижодкорлар билан учрашиб, фикрлашди.
Жиззахда байрам тадбирлари давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари