Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда мулклар хатлови: ҳуқуқий аниқлик сари
11:41 / 2026-02-12

Жиззах вилоятида кўчмас мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари изчил ва тизимли равишда давом этмоқда. Бу жараён ер ва мулк муносабатларини тартибга солиш, солиқ базасини кенгайтириш, энг муҳими, фуқаролар ҳамда тадбиркорлар мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2026 йил 9 февраль ҳолатига кўра, вилоятда 57 минг 851 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Улар орасида турар-жой бинолари, нотурар жойлар, ишлаб чиқариш объектлари ва тадбиркорликка оид иншоотлар бор. Жараён аниқ режа асосида, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хатлов давомида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, маълумотлар базасини янгилаш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, шунингдек, фойдаланилмаётган объектларни иқтисодий айланмага киритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳудудларда иқтисодий фаолликни кучайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва маҳаллий бюджет тушумларини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

Энг муҳими, ушбу жараён фуқароларга ўз мулкини қонуний асосда расмийлаштириш, келгусидаги ҳуқуқий тушунмовчиликларнинг олдини олиш ҳамда кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни шаффоф ва содда тарзда амалга ошириш имконини бермоқда. Бу эса жамиятда ҳуқуқий аниқлик ва ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Вилоятда хатлов ишлари белгиланган режа асосида давом этмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири