Жиззах шаҳрида анъанавий “Лимон ҳосили сайли” бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокимлиги, “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки вакиллари, лимон етиштирувчи фермерлар ҳамда хусусий тадбиркорлар иштирок этишди.
Тадбир доирасида иштирокчилар лимончилик соҳасида эришилаётган натижалар, ҳосилдорликни ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Шу билан бирга, келгусида соҳани ривожлантиришга доир устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

Агроинновацион технологиялар, сувни тежовчи суғориш тизимлари, юқори сифатли кўчатлар ҳамда “Ўзбек лимони” миллий брэндининг халқаро бозорлардаги имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Экологик тоза маҳсулот етиштириш ва уни ташқи бозорга экспорт қилиш масалаларида амалий таклифлар илгари сурилди.

“Туронбанк” АТБ вакиллари фермерлар ва тадбиркорларга лимончиликни ривожлантиришга қаратилган имтиёзли кредитлар, иссиқхона лойиҳалари учун молиявий кўмак, шунингдек, замонавий банк хизматлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлашича, “Лимон ҳосили сайли” нафaқат ҳосилдорлик ва инновациялар намойиши, балки деҳқонлар, ҳокимлик ва банк тизими ўртасидаги самарали ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим платформа сифатида аҳамият касб этмоқда.
Бундай учрашувлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни илғор тажрибалар билан таништириш, янги ғояларни амалиётга жорий этиш ва мамлакат аграр соҳасининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари