French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда кўпкураш ҳарбий ватанпарварлик мусобақаси ғолиблари аниқланди
12:45 / 2021-05-17

Жиззах шаҳридаги “Суғдиёна” спорт комплекси стадионида "Кўпкураш ҳарбий ватанпарварлик" мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари Жиззах вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида чегараолди ҳудудларидаги уюшмаган ёшларини ватанпарварлик,  миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида  тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом, баркамол вояга етказиш мақсадида  ташкил этилган мусобақанинг туман босқичлари бундан бир ой аввал бошланган эди.  

Мусобақанинг вилоят босқичида Бахмал, Зомин, Мирзачўл, Фориш ва Янгиобод туманларидан ўз ҳудудида ғолиб чиққан биттадан жамоа қатнашди.  

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида ҳокимликлар, чегара қўшинлари бошқармаси, ёшлар агентлиги, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари, жамоатчилик вакиллари, туманлардан жамоаларни қўллаб қувватлашга келган томошабинлар иштирок этди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Эргаш Солиев ва бошқалар томонидан ушбу мусобақа ёшлар ўртасида «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунни тарғиб қилишда, уларда ватанпарварлик туйғуларини ўстиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.  

[gallery-2423]

– Ушбу мусобақа ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда амалий аҳамиятга эга бўлди, – дейди чегара қўшинлари бошқармасининг мазкур мусобақа учун масъул зобити Шаҳзод Абдураҳмонов. – Мусобақага тайёргарлик ва унинг туман босқичлари давомида ёшлар ҳудудлардаги чегара қўшинлари қисмларида бўлиб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тарихи, ҳарбий ҳаёт, жанговар қуролларни ишлатиш бўйича билим ва кўникмаларини бойитди. Энг муҳими, ёшлар ҳарбий ишни зўр иштиёқ билан ўрганди. Натижада мусобақалар ҳам жуда қизғин курашлар билан ўтди. Шунинг учун ушбу мусобақа ёшларимиз учун нафақат жисмоний имкониятлар синови, айни пайтда, маънавий, руҳий жиҳатдан чиниқиш ҳам бўлди.  

Кўпкураш мусобақаларида жамоалар Амир Темур ҳарбий тарихи бўйича савол-жавоб, калашников автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, арқон тортиш, эстафета югуриши, тош кўтариш каби шартлар бўйича куч синашди.  

Қизғин курашларга бой, қизиқарли ўтган мусобақаларда биринчи ўринни Зомин туманининг “Қалқон”жамоаси олди.  

Иккинчи ўринни Мирзачўл тумани “Чегарачилар”, учинчи ўринни Янгиободнинг “Ватанпарвар” жамоаси эгаллади.  

Ғолиблар медаль ва дипломлар, билан тақдирланди. Фаол иштирокчилар совғалар, ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.  

Мусобақа якунида санъаткорлар иштирокида гала концерт намойиш этилди.  

 

Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА