Жиззахда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази филиали иш бошлади.
Президентимиз 2018 йил 30-31 март кунлари вилоятга ташрифи давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Ушбу топшириқ асосида кардиология маркази биноси реконструкция қилиниб, 14 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Филиалнинг очилиш маросимида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази, вилоят раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги тиббиёт муассасаси очилгани боис кўплаб беморлар даволаниш учун пойтахтга, бошқа вилоятларга бориш ташвишидан қутулди.
Тадбир иштирокчилари филиалда беморларнинг стационар даволаниши ва диагностикаси учун яратилган шароитлар билан танишди.
– Барча юрак, қон-томир хасталикларига чалинган беморларни даволаш учун имкониятлар бор, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари доктори Нурали Қурбонов. – Беморларнинг энди бошқа жойларга бориб даволанишларига ҳожат қолмади. Шошилинч ҳолатларда беморларга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун филиалда 6 ўринли кардиореанимация бўлими фаолият кўрсатмоқда.
Айни пайтда РИКИАТМ вилоят филиали моддий базаларининг мустаҳкамланиши, соҳа мутахассисларининг билим ва малакалари оширилаётгани натижасида бир нечта мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш йўлга қўйилди. Шунингдек, яқин келажакда юрак ишемик касалликларининг оғир турлари аорта-коронар шунтлаш, юрак клапани нуқсонларини жарроҳлик усули билан тиклаш, протезлаш, туғма нуқсонларни коррекциялаш мураккаб аритмияларни электрофизологик усулда ташхислаш ва даволашни радиочастотали аблация усулида давлолашни йўлга қўйиш устида иш олиб борилаётир.
Тошқул Бекназаров, ЎзА