Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил давом этмоқда. Айниқса, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши бу борадаги саъй-ҳаракатларга янги мазмун ва амалий суръат бағишламоқда.
Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари раислигида бир неча кун муқаддам 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда республика ҳудудлари қатори Жиззах вилоятида ҳам камбағалликни қисқартириш, оғир туман ва маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда ҳаёт сифати ва кайфиятини яхшилашга қаратилган муҳим ислоҳотлар атрофлича кўриб чиқилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Жиззах вилоятида камбағалликни қисқартириш борасида 2025 йилда салмоқли натижаларга эришилган. Хусусан, ўтган йил мобайнида 83,4 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, вилоятда камбағаллик даражаси 11,8 фоиздан 5,8 фоизгача пасайди. 2026 йилда эса ушбу кўрсаткични 2,8 фоизга тушириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, ишсизлик даражаси ҳам 5,8 фоиздан 4,9 фоизга қисқарди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 39 та маҳаллада жойлашган 500 га яқин камбағал хонадон чуқур ўрганилди. Тадқиқотлар жараёнида камбағалликка олиб келаётган омиллар ҳамда бу ҳолатнинг олдини олиш имкониятлари таҳлил қилинди. Ўрганишлар сўнгги йилларда, жумладан 2025 йилда бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилганини тасдиқлади.

Даромади камбағаллик чегарасидан паст бўлган ҳар бир уй хўжалигига масъул давлат ташкилотлари ходимлари бириктирилиб, хонадонлар ҳолати доимий мониторинг қилинмоқда. Даромадларни ошириш учун иқтисодий инструментлардан фойдаланиш, касбга йўналтириш ва тадбиркорликка жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, “маҳалла еттилиги” томонидан олиб борилаётган мақсадли ишлар аҳолининг молиявий барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутяпти.
Видеоселектор йиғилишида республика миқёсида 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жиззах вилоятида эса 41 минг нафар аҳолини қамраб олиш режалаштирилган. Уларнинг 35 фоизи доимий иш ўринлари билан таъминланади, 31 фоизи тадбиркорлик фаолиятига жалб этилади, 16 фоиз аҳоли учун эса даромадларни оширишга қаратилган манзилли чоралар кўрилади.
Шунингдек, норасмий банд аҳолини расмийлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали барқарор даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оғир маҳаллаларни ривожлантириш доирасида яшил энергетика лойиҳаларини жорий этиш, ички йўллар, ичимлик суви ва суғориш инфратузилмасини яхшилаш, субсидия ва ссудалар тизимини кенгайтириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, тут плантациялари ва пилла етиштиришни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади. Оилавий кредит ставкалари 12 фоизгача туширилиб, кредит ҳажми 1,5 баробарга оширилади. Имтиёзли ва гаровсиз кредитлар эса 50 миллион сўмгача тақдим этилади.
Қайд этилишича, барча ушбу чора-тадбирлар “ислоҳотларни маҳалладан бошлаш” тамойили асосида амалга оширилмоқда. Бу эса 2026 йилда белгиланган устувор ғоя — маҳаллани ривожлантириш орқали жамиятни юксалтириш, халқ фаровонлигини таъминлашдек олий мақсадларга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири