English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда истеъмолчилар ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинмоқда?
14:40 / 2022-05-25

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасида матбуот анжумани ташкил этилди.

Мутасадди ташкилотлар мутахассислари, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, “Ёш журналистлар мактаби” тингловчилари иштирок этган тадбирда қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йил ўтган 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича ахборот берилди.

Президентимизнинг 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг вилоят бошқармалари ташкил этилди.

Маълум қилинишича, юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари бўйича ҳудудий бошқармага 2022 йил 1-чораги давомида 174 та мурожаат келиб тушган. Шундан 54 таси коммунал, 19 таси алоқа ва транспорт, 3 таси банк, 63 таси савдо, маиший ва қурилиш хизмати, 14 таси дорихона ва тиббий хизмат кўрсатиш, 20 таси реклама ва 1 таси монопол корхоналар давлат реестридан чиқариш соҳаларига оид масалалардан иборат.

Жами мурожаатларнинг 138 таси тўлиқ ижобий ҳал этилган бўлса, 23 тасига керакли тушунтиришлар берилди, ўрганиш вақт талаб қилган 13 та мурожаат тегишли идораларга юборилиб, ижроси назоратга олинган. Ушбу мурожаатлар бошқарма мутасаддилари томонидан тегишли тартибда атрофлича ўрганиб чиқилиб, 287 миллион 500 минг сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилишини назорат қилиш юзасидан вилоят ички бозорларида сотилаётган асосий турдаги истеъмол товарлари ҳисобланган маҳаллий ун ва қолипли ноннинг чакана нархларига амал қилиниши ва маҳаллий ун маҳсулотларининг жойларга етказиб берилганлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, Зафаробод тумани “Чимқурғон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2 минг 339 нафар аҳолига 8 тонна маҳаллий ун маҳсулоти дислокацияга киритилган ва “Ekozona” масъулияти чекланган жамияти томонидан истеъмолчиларга 22 миллион 400 минг сўмлик маҳсулот етказиб берилмаганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарманинг аралашуви натижасида Зафаробод тумани “Чимқурғон” ҚФЙ аҳолисига етказиб берилмаган 8 тонна маҳаллий ун маҳсулоти жорий йилнинг 19 январь куни Зафаробод тумани “FAVARITE SARVARBEK” МЧЖ томонидан етказиб берилиши таъминланди.

– Бошқарма ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4- ва 6-моддалари талабларига риоя этилиши юзасидан вилоятдаги 18 та деҳқон бозорида ўрганишлар ўтказилганида тарозиларнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарори талабларига зид ҳолатда қиёслов муддати ўтиб кетганлик ҳолатлари аниқланди, – дейди вилоят монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Маматқулов. – Ушбу ҳолат юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш дастлабки ҳолатни тиклаш бўйича ёзма кўрсатмалар юборилди ва хатолик тўлиқ бартараф этилиб, бошқарманинг ёзма кўрсатмасига асосан тегишли идоралар томонидан айбдорларга нисбатан тегишли жазо қўлланилди.

Шунингдек, вилоят ҳудудидаги “UZAVTO MOTORS” акциядорлик жамиятига қарашли 5 та дилерлик ташкилотлари томонидан автомобилларни тузилган шартномаларга мувофиқ етказиб берилиши бўйича 180 ҳолатда автомобиллар истеъмолчиларга белгиланган муддатларда етказиб берилмаган. Натижада истеъмолчиларга кечиктирилган кун учун ҳисобланган 0,01 фоиз пеня бир ой муддатда ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига асосан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, ҳудудий тузилманинг ёзма кўрсатмалари юборилди ва жами 25 миллион 800 минг сўм миқдорида истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинди.

Вилоят ҳудудида 14 та тиббиёт муассасаси томонидан берилган кўрсатмаларга асосан, “Ўзбекистон Республикаси миллий метрология институти” Давлат муассасаси Жиззах вилоят филиали билан тузилган шартномаларга мувофиқ, жами 111 та тиббиёт ускуналари қиёслов кўригидан ўтказилиши таъминланди. Натижада, 261 минг 230 нафар номуайян истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиб, ўз навбатида ушбу ҳолатда беморларга ташхис қўйиш ва даволашда аянчли ҳолатларнинг олди олинган.

Бундан ташқари, қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан яна бир қатор соҳаларда қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилиб, бу ҳақда тегишли ташкилотларга ёзма равишда маълум қилинган. Бунинг натижасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА