Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Жиззах давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан иҳотазорларни барпо этишга бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, шаҳар ва туманлардаги ўрмон хўжаликлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда жойларда ўрмон хўжаликлари ходимлари ва фермерларга қишлоқ хўжалиги ерларида иҳотазорлар барпо қилиш схемаси, кўчатни экиш, парваришлаш, қўриқлаш, сақлаш усуллари ва иҳотазорларнинг қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини оширишдаги аҳамияти тўғрисида атрофлича маълумот берилиб, тарғибот ишлари олиб борилди.
Тадбир иштирокчилари Шароф Рашидов туманидаги “Ширин” ва “Шермат” сув истеъмолчилари уюшмаси далаларида барпо этилган иҳотазорлар билан жойига чиқиб таништирилди.

Иҳота сифатида экиладиган дарахтларнинг турлари, шамол ва тупроқ эрозияларининг олдини олишдаги аҳамияти ва парвариш қилиш усуллари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
А.Қаюмов, ЎзА