Жиззах вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ва кенг қамровли тадбирлар изчил давом этмоқда. Шаҳар ва туманларда эрта тонгдаёқ дарахтларга сув сепилиб, йўл ёқалари ювилаётгани, майдонлардаги чанг зарралари бартараф этилаётгани атроф-муҳит сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ва Ислом Каримов шоҳ кўчалари бўйлаб ўсаётган дарахтларга махсус техникалар ёрдамида сув пуркалди. Бу ишлар, аввало, ҳаводаги чанг миқдорини камайтирса, иккинчидан, иссиқ фаслда ўсимликларнинг соғлом сақланишига туртки бўлмоқда.

Вилоят экология бошқармаси ва шаҳар ободонлаштириш хизмати ҳамкорлигида фаввораларни ишга тушириш, йўл ёқаларини ювиш ва яшил ҳудудларни парваришлаш мунтазам йўлга қўйилган.

Зомин туманида ҳам шунга монанд тарзда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари йўлга қўйилган. Туманнинг яшил масканларида дарахтлар ва манзарали ўсимликларга сув сепилиб, ҳавода учувчи чанг зарраларини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Бу нафақат ўсимликларнинг барқарор ўсишига, балки аҳоли соғлиги учун қулай табиий муҳит яратилишига ҳам хизмат қилаётгани таҳсинга лойиқ.

Мутахассислар таъкидлашича, бу каби тадбирлар ҳавонинг табиий мусаффоланишини жадаллаштириб, нафас йўллари касалликларининг олдини олишда муҳим омилга айланмоқда. Фақат вилоят маркази ва Зомин шаҳарчасида эмас, балки бошқа ҳудудларда ҳам “яшил муҳит”ни кенгайтириш бўйича амалий ишлар изчиллик билан давом этмоқда. Бу ташаббуслар вилоят миқёсида экология соҳасидаги кенг кўламли қадамларнинг муҳим бўғини бўлиб, келажак авлод учун тоза, соғлом ва барқарор экологик муҳит яратишга қаратилган.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири