Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах шаҳрида кенг кўламли ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.
Жиззаах шаҳрида ўтган ушбу “Ватанпарварлик карвони” Давлат хизматлари маркази олдидан бошланиб, шаҳарнинг Шароф Рашидов шоҳ кўчаси бўйлаб давом этди.
Юришга мудофаага кўмаклашувчи ватанпарвар ташкилотларнинг Давлат байроқлари билан безатилган автомашиналари бошчилик қилди. Улар ортидан Миллий гвардиянинг отлиқ кавалерияси, ҳарбий хизматчилар ҳамда вилоят куч тузилмалари ҳарбий оркестр садолари остида Шароф Рашидов шоҳ кўчаси бўйлаб мардонавор юриш қилди.
[gallery-27093]
Тадбир доирасида ташкил этилган ҳарбий-ватанпарварлик фестивалида миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳияти ва мамлакат тинчлигини таъминлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Ҳарбий оркестр чиқишлари, фахрий қоровул аскарларининг намойишлари ҳамда кўргазмали жанговар саҳналари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳарбий юриш Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан якунланди.
Айни кунларда байрам тадбирлари Жиззах воҳасининг барча ҳудудларида ҳам кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА мухбирлари