Жиззахда ҳам 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан галаконцерт бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни ҳайит байрами ва ёшлар куни билан табриклади.
Эрталабдан Жиззах шаҳридаги “Ёшлар сайилгоҳи” кўчаси йигит-қизлар, ўқувчи ва талаба ёшлар билан гавжум бўлди. Чунки бу ерда “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида ташкил этилган фестиваль доирасида 20 дан ортиқ лойиҳа, кўргазмали чиқишлар, танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилди.
[gallery-17903]
“Uzchеss”, “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа тарғиботи” лойиҳалари, “Ёш мусаввирлар”, “Жадидлар билимдони” кўрик-танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Караоке”, “Талант шоу”, IT ва стартаплар, ёш ҳунарманд ва тадбиркорлар томонидан яратилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмалари, ёш ошпазлар беллашуви каби тадбирлар барчага манзур бўлди.
Концерт дастури аввалида 54 нафар жиззахлик ёшларга уй-жойга эгалик қилиш учун махсус ордер ва янги уйларнинг калитлари тантанали топширилди. Шунингдек, “Париж – 2024” ёзги Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган 4 нафар жиззахлик ёшларнинг ҳар бирига 150 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Ёшлар сиёсати соҳасида фаоллик кўрсатган 20 нафар ёш ходимлар ҳам эътироф этилиб муносиб тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА