English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда ҳам сайловчилар муддатидан олдин овоз бермоқда
17:19 / 2023-07-04

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган ҳар бир сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга, дея таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округи бўйича Жиззах шаҳри ва 12 та туман ҳудудида жами 524 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилмоқда.

Сиёсий партиялар, вилоят ташкилотлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари бошқарув органи мурожаатлари асосида 4-Жиззах округ сайлов комиссия томонидан вилоятдаги 524 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнларини кузатиш учун партиялар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларига кузатувчи мандати тўлиқ етказиб берилган.

– Сайлов участкаларимизнинг барчасида юқори тезликдаги интернет ва сифатли телефон алоқасини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилган. Ҳар бир туманда сайлов участкасида овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиб бориш имконияти мавжуд, – дейди 4-Жиззах округ сайлов комиссияси раиси Шавкат Шарипов.

Жиззах шаҳри “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах филиалида 42-сайлов участкаси жойлашган. Ушбу участка сайлов комиссиясида жами 11 нафар аъзо фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 5 нафари  “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах филиали, 1 нафари “Жиззах текстил” МЧЖ, 2 нафари тиббиёт ходимлари ва 3 нафари шу МФЙда истиқомат қилувчи нафақахўрлардир.

[gallery-12586]

– Сайлов участкамизда 1 минг 966 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан эркаклар 982, аёллар 984 нафарни ташкил этади ва сайловчиларимиздан ўз уйида овоз берувчилар сони 34, биринчи маротаба овоз берувчилар сони 11 нафардан иборат, – дейди 42-участка сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Абдураҳимов. – Маҳаллада мавжуд 14 та кўчанинг барчасига комиссия аъзолари бириктирилган ва сайловга таклифномалар тўлиқ тарқатиб бўлинди. Жорий йилнинг 28 июнидан 4 июль эрталаб соат 9:00 га қадар сайловчиларимизнинг 22 нафари ўзлари муносиб деб билган номзодга муддатидан олдин овоз берди.

Бугун 4 июль куни яна 7 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш жараёнида иштирок этаётган экан. Биз улардан бирини суҳбатга чорладик.  

– Жорий йилнинг 9 июль куни ўтадиган Президент сайлови куни биз оила аъзоларимиз билан дам олишда бўламиз. Эртага эрталаб оиламиз билан жўнаб кетяпмиз. Шу сабабдан ҳам бугун, муддатидан олдин овоз бердик. Мен ўзим муносиб деб топган, юрт тинчлиги, халқ манфаати ва фаровонлигини ўйлайдиган, ёшларимиз учун порлоқ келажак қуриш йўлида астойдил тиним билмай жон куйдираётган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб деб билган номзод учун овоз бердим, – деди “Наврўз” МФЙда истиқомат қилувчи оилавий тадбиркор Ҳуррият Муртазоева.

4-Жиззах округи бўйича жорий йилнинг 4 июль эрталаб соат 9:00 га қадар 5 минг 257 нафар сайловчи муддатидан олдин ўзлари муносиб деб топган номзодга ўз овозларини бериб бўлди.  

Муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари эртага 5 июль куни ниҳоясига етади.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА