Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда газета кунлари ўтказилди
13:48 / 2024-10-05

Жиззахда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси муассислигида чоп этилаётган “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари таҳририяти ходимларининг касаба уюшмалари фаоллари ва газетхонлар билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Жиззах вилоят кенгашида ташкил этилган ижодий учрашув давомида тадбир иштирокчилари “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ҳар қандай оммавий ахборот воситаларига, жумладан, газеталарга ҳам ҳаққоний баҳони уларнинг ўқувчилари беради.  

Шу нуқтаи назардан вақтли матбуот нашрларига обуна мавсуми олдидан таҳририятлар ижодий жамоаларининг жойларда ўтказаётган учрашувлари ўз обуначилари олдидаги ҳисоботи бўлмоқда, дейиш мумкин. 

 [gallery-19613]

Бугун ахборот технологиялари ривожланиб, босма нашрларга кучли рақобатчи – интернет нашрлари дунёга келди. Мулоқотда  “Глобал ахборот маконида кечаётган  рақобат  курашида газеталар ўз ўрнини сақлаб қолиши учун қандай шакл ва мазмунга эга бўлиши керак?” деган савол атрофида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

“Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, таҳририятда ва газета  саҳифаларида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар, ижодий изланишлар, ижодий режалар  ҳақида гапириб берди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда очиқлик, шаффофлик муҳити, сўз эркинлиги қарор топаётганлигини эътироф этган ҳолда жамият равнақига тўсиқ бўлаётган оғриқли нуқталарни кўрсатиб берадиган  ўткир танқидий мақолаларни янада  кўпайтириш лозимлигини билдирди.  

Тадбир якунида бир гуруҳ фаол газетхонлар, обуна ишларида жонбозлик кўрсатган касаба уюшмаси ходимлари, ОАВ вакилларига “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририятининг эсдалик совғалари ҳамда газетада ўтган бир йил давомида чоп этилган мақолалардан сараланган “Йил ишончи” китоби топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари