ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах политехника институтида 60 ёшдан ошган кекса авлод вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Ғайратли кексалар” шиори остида спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақанинг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада шаҳар ва туманлардаги 309 та маҳаллада ўтказилган саралаш босқичларида ғолиб бўлган 13 та жамоа иштирок этди.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга оид қарор ва Фармонлари асосида мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди “Нуроний” жамғармаси Дўстлик тумани бўлими мутахассиси Ўктам Темиров. - Туманимиздаги маҳаллаларда саралаш ўйинларини ўтказдик. Ғолиб бўлган жамоамиз бугунги мусобақага юқори руҳ ва тайёргарлик билан келишди. Мақсад ютуқ эмас, балки кекса ва ёш авлодни спорт мусобақаларига қизиқтириш ва уларни фаол ҳаёт тарзига жалб қилишдир. Албатта, бу каби тадбирлар ўз самарасини беради, деб ишонамиз.
Мусобақа жараёнида иштирокчиларнинг соғлиғини назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимлари жалб этилди. Очиқ ҳавода, иссиқ об-ҳавога қарамасдан, нуронийлар беллашувларда фаол иштирок этдилар.
Мусобақа натижаларига кўра, Зафаробод туманидаги Чўлигулистон маҳалласи жамоаси учинчи, Зомин туманининг Беруний маҳалласи жамоаси иккинчи, Ғаллаорол тумани Ғофур Ғулом маҳалласи жамоаси эса биринчи ўринни эгаллади. Ғолиб жамоа республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди ва диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
[gallery-24381]
Маълумот ўрнида, “Ғайратли кексалар” мусобақасининг келгуси босқичлари август ойида белбоғли кураш, сентябрь ойида эса шашка ва шахмат спорт турлари бўйича ўтказилиши режалаштирилган. Унда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар иштирок этишлари кўзда тутилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА