Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда ғалла ўрим комбайнлари мавсумга тайёрланмоқда
19:20 / 2022-02-17

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилояти бошқармаси ахборот хизмати ташаббуси билан республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Журналистлар ўриш комбайнларини мавсумга ҳозирлаш ишларининг бориши билан “Дўстлик агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятига қарашли таъмирлаш маскани фаолияти мисолида танишди. Иштирокчилар “Ғалла-2022” ўрим-йиғимида қатнашадиган комбайнларни таъмирлаш жараёни билан яқиндан танишитирилди. Бу йилги мавсумда қанча ва қайси русумдаги комбайнлар қатнашиши режалаштирилаётгани, таъмирлашда нималарга эътибор қаратилилиши, техникалар учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва ишчи операторларга яратилган шароитлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Жорий йилги ўрим-йиғим мавсумида вилоят бўйича жами 304 дона юқори унумли комбайнлар қатнашиши кўзда тутилган. Шундан 56 таси “Жиззах Агросервис МТП” МЧЖга, 116 таси кластер корхоналарига, 120 таси фермер хўжаликларига ҳамда 12 таси бошқа ташкилотларга тегишли. Мазкур комбайнлар дислокация бўйича белгиланган жойларга йиғилиб, айни чоғда, муҳандис ва мутахассислар ушбу масканларда таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Мавсум аввалида “СП КЕЙС” ва “КЛАСС” қўшма корхонаси муҳандис ва мутахассислари иштирокида олиб борилган ўрганишларга кўра, комбайнларни таъмирлаш учун жами 13 миллиард 897 миллон сўм миқдордаги маблағ талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган. Ҳозирда “Жиззах Агросервис МТП” МЧЖ, кластер ва фермер хўжаликларига қарашли 44 та комбайн жорий таъмирдан чиқарилиб, ўрим мавсумига шай ҳолатга келтирилган.

[gallery-5804]

– Жорий мавсумда Дўстлик туманида 42 та юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари қатнашиши режалаштирилган, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими катта инспектори Баҳодир Имамов. – Шундан 21 тасини “Кейс” ва “Нью Холланд”, 9 тасини “Доминатор-130”, 7 тасини “Вектор” ҳамда 5 тасини бошқа русумдаги комбайнлар ташкил этади. Мазкур комбайнлар таъмирлаш масканига йиғилиб, созлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳисоб-китобларимизга қараганда, ғалла ўриш комбайнларини таъмирлаш учун жами 2 миллиард 684 миллон сўм маблағ талаб этилади. Фақат, ушбу маблағлар вақтида берилса, таъмирлаш ишлари жадаллашиб, бу вазифани белгиланган муддатда якунлаш мумкин. Зеро, комбайнларнинг мавсумга шай ҳолатга келтирилиши ва ўрим-йиғим жараёнида тўхтовсиз ишлаши ҳозирги масъулият ва кўрилган чора-тадбирларга бевосита боғлиқ.

Таъкидландики, мазкур йўналишда инспекциянинг туман бўлими томонидан жами 12 та назорат тадбири ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга 6 та огоҳлантириш хати берилган. Шунингдек, 5 та ёзма кўрсатма чиқарилиб, 1 та тақдимнома киритилган. Ҳозирда фермер хўжаликларига қарашли 4 та юқори унумли ғалла ўриш комбайни таъмирдан чиқарилган. Ушбу комбайнлар 2020 йилда янги сотиб олингани учун ҳам таъмирлашга кам маблағ ва вақт сарфланган. Жорий таъмирлаш ишларига жалб этилган операторларга ғаллачилик кластерлари томонидан аванс сифатида 2 миллион сўмдан пул маблағлари ҳамда 5 литрдан ўсимлик ёғи ва 1 қопдан ун маҳсулотлари тарқатилди.

Пресс-тур ниҳоясида журналист ва болгерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига мутахассислар томонидан жавоблар олди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА