Жиззахда футбол ҳакамлари учун ўқув-семинар ташкил этилди
Жиззах шаҳрида, ЎФА – Ўзбекистон футбол ассоциацияси ташаббуси билан Жиззах ва Сирдарё вилоятлари футбол ассоциациялари ҳакамлари иштирокида қўшма ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарни назоратчи ҳакам Бобур Ҳайдаров олиб борди.
Унда футбол ҳакамларига ҳакамлик қоидалари, футбол қоидаларига киритилган ўзгаришлар ва учрашувни бошқариш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлар устида ишлаш борасида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, видео материаллар ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Ўзбекистон чемпионати ва биринчиликларидан ўрин олган баҳсларидаги ҳакамлик билан боғлиқ вазиятлар кенг муҳокама қилинди.
Жиззах ва Сирдарё вилоятлари футбол ассоциациялари ҳакамлари иштирокида ўтган бир кунлик ўқув-семинар сўнгида футбол ҳакамлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА