Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда емаган сомсага пул тўланадими?
15:40 / 2022-11-25

Дўстингизни тўйига белгиланган вақтдан анча эртароқ бориб қолдингиз. Тўйхона ёнида қўйилган стол-стулларнинг бирига ўтириб бир чойнак чойни симириб, вақт ўтказмоқчи бўлдингиз. Икки пиёла чойни ичар-ичмасингиздан дастёр йигит столингизга бир эмас, икки эмас, 4 дона “Жиззах сомса”ни олиб келиб қўйди. Сиз унга янглишганини, ҳеч нима буюртма қилмаганингизни айтдингиз.

Шунда у сомса ёпиладиган тандирдан иккита келадиган бақувват амакига ишора қилиб “Сомсапаз ака айтдилар, хоҳланг енг, хоҳланг ўзингиз билан олиб кетинг, хоҳланг ташлаб кетинг, лекин пулини кассага тўлаб қўяр экансиз, донаси 36 минг сўмдан, чой бепул!” деди.

Хўш, сиз бу ҳолатда нима қилган бўлардингиз?!.

Шароф Рашидов туманида фаолият юритаётган “Фазодаги оққушлар” фермер хўжалиги раҳбари Камтарбек Сотиболдиев (мақоладаги географик атамалар ва персонажларнинг номлари ўзгартирилди) билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Аниқроғи, фермер хўжалигига электр энергияси етказиб берувчи трансформатор портлаб, аллақачон электр бермаётган бўлсада, “отни калласидек” қарздорлик чиқарилиб, фермер умуман истеъмол қилмаган, юқоридаги каби мижоз буюртма қилмаган ва емаган сомсасига пул тўлашдан бош тортганидек, электр энергияси учун пул тўламаганлиги учун туман электр таъминоти корхонаси умуман бўлмаган қарзини тўламаганлиги сабаб судга берган.

Ушбу адолатсизликдан норози бўлган “Фазодаги оққушлар” фермер хўжалиги раҳбари Камтарбек Сотиболдиев, Шароф Рашидов туман электр таъминоти корхонаси ходимларининг ушбу ҳаракатидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга ариза билан мурожаат қилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, 2019 йил август ойида “Сайхан” подстанцияси трансформаторида портлаш юз берганлиги сабабли фермер хўжалигига электр энергиясини етказиб бериш, айнан шу санадан бошлаб тўхтатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 18-бандига кўра, электр энергияси бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида товар тури сифатида, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва энергия қурилмалари шу ташкилот тармоғига бевосита уланган истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида мазкур қоидаларга мувофиқ етказиб берилиши таъкидланган.

Бундан ташқари, 2020-2021 йиллар ва жорий йилда фермер хўжалиги ҳамда Шароф Рашидов туман электр таъминоти корхонаси ўртасида электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома тузилмаган ва электр энергияси узатилмаган бўлсада, фермер хўжалигининг абонент картасига электр таъминоти корхонаси мутасаддилари 79 миллион 231 минг 414 сўм асоссиз қарздорликни киритиб, фермер хўжалигидан уни тўлаш талаб қилинган.

Қарздорлик тўланмагач, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти фермер хўжалигидан қарздорликни ундириш бўйича Жиззах туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган.

Тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилган Бизнес-омбудсман девони ходимлари судга, талабнинг асоссизлигини ишончли далиллар билан исботлаб берган ва 2022 йил 14 октябрда даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этилган.

Шу билан бирга, Бизнес-омбудсман томонидан Шароф Рашидов туман электр таъминоти корхонаси ходимларининг ҳаракатида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва асоссиз қарздорликни ҳисобдан чиқариш ҳақида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тақдимнома киритилди.

Тақдимномага мувофиқ, фермер хўжалиги зиммасига юкланган 79 миллион 231 минг 414 сўм нореал қарздорлик чиқарилиб, Шароф Рашидов туман электр таъминоти корхонаси ходимларининг интизомий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди ва қонун доирасида жазога тортилди.

Хулоса қилиб айтганда, Жиззахда ҳеч ким емаган сомсаси ва фойдаланилмаган электр энергияси учун пул тўламайди.

Асил ЭРГАШЕВ,

Бизнес-омбудсман девонининг

Жиззах вилоят шўъбаси етакчи инспектори

ЎзА