Шароф Рашидов туманида “FORIGHT GRANITE MINE” МЧЖ томонидан озиқ-овқат пигменти ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов ҳамда туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан лойиҳанинг жойидаги амалга оширилиш жараёни ўрганилди.
Тумандаги “Қулписар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур лойиҳа умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, тўлиқ хорижий инвестиция ҳисобига молиялаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида йилига 300 минг тонна оҳак ишлаб чиқариш, кейинги босқичларда эса калций оксид ва калций гидроксиди маҳсулотларини тайёрлаш режалаштирилган.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, тайёр маҳсулотларни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаларига экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу эса нафақат маҳаллий иқтисодиётга, балки мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Корхона 5 гектар майдонда жойлашган бўлиб, шундан 5 минг квадрат метрга яқин қисмида ёпиқ иншоотлар барпо этилган. Айни пайтда қурилиш ишлари 90 фоизга якунланган, лойиҳа лицензиялаш жараёнида бўлиб, тегишли рухсатномалар олингач, синов асосида ишга туширилади.

Лойиҳанинг асосий хорижий ҳамкори — “ZIBO FLITE CERAMIC SPARTNERSHIP LIMITED PARTNERSHIP” компанияси (Хитой) ҳисобланади. Молиялаштирувчи — АТБ “Ҳамкорбанк”. Лойиҳада фойдаланиладиган замонавий технологик ускуналар Хитойдан олиб келинмоқда.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 100 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, бу туман аҳолисини иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА