Жиззах шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2024 йилги мавсумига старт берилди. Тадбирнинг тантанали очилишида спорт вазири Адҳам Икромов ва Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев иштирок этди.
Шу куни спорт вазири ва вилоят ҳокими бошчилигида спорт федерациялари ҳамда спорт мактаблари раҳбарлари ва масъуллар иштирокида ҳудудда соҳани янада ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди. Унда соҳада амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва камчиликлар таҳлил қилинди. Йиғилиш якунида масъулларга шароитларни янада яхшилаш ва спортчи-ўқувчиларга кенг имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззахда ҳам старт олган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2024 йилги мавсумини юқори савияда ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўриш, мусобақаларни кўтаринки руҳда ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Бу йил ёшлар жами 26 та энг нуфузли мусобақада иштирок этиши кўзда тутилган. “Беш ташаббус олимпиадаси” ана шу халқаро мусобақалар олдидан муҳим синов вазифасини ўтаб беради.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири