Жиззах вилоятида “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари, меҳнат фахрийлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Конституция халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Юртимиз тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун ишончли кафолат бўлган асосий Қомусимизни бугунги давр талабларига мос ҳолда, энг муҳими, фуқароларимиз хоҳиш-иродаси ва фикри ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади бўлган “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ҳақиқий халқ Конституциясига айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
[gallery-9885]
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 ноябрдаги фармонига асосан, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.
– Ўзбекистон Республикаси Коституциясини чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш фуқаролик бурчимиздир, – дейди “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланган, ЎзА фотомухбири Жамшид Ёрбеков. – Камтарона хизматларимга берилган ушбу мукофот нафақат менга, балки юзлаб жиззахлик журналистлар меҳнатига берилган баҳо, деб ўйлайман.
Тадбирда қутлуғ айём арафасида ана шундай юксак эътирофга лойиқ, деб топилган вилоят вакилларининг бир гуруҳига эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбирида санъаткорлар ва ижрочи ёшлар томонидан намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА