Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда аёллар бандлиги: ислоҳотлар натижаси ва янги имкониятлар
15:55 / 2026-03-10

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик ва меҳнат бозорига кенг жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисидаги фармони мамлакат тараққиётининг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратмоқда.

Мазкур стратегик вазифалар ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2025 йилда вилоятда 62 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган эди. Амалда эса ушбу кўрсаткич анча юқори бўлиб, 100 минг нафардан ортиқ аёл иш билан таъминланди. Бу эса белгиланган режанинг 162 фоизга бажарилганини кўрсатади.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 21 минг 157 нафар аёлга жами 556,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Имтиёзли молиявий кўмак натижасида 10 минг 744 нафар аёл тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Уларнинг 8 минг 59 нафари юридик шахс сифатида, 2 минг 685 нафари эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди.

Қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлашда пиллачилик тармоғи ҳам муҳим манбага айланиб бормоқда. Жорий йилда вилоятда 16 минг 669 қути пилла парваришланиб, 1000 тонна ҳосил етиштирилди. Ушбу жараёнга жалб этилган 40 минг нафар хотин-қизнинг доимий ёки мавсумий бандлиги таъминланди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида “Аёллар дафтари” амалиёти алоҳида аҳамият касб этмоқда. Сўнгги беш йил давомида мазкур тизим орқали 187 минг 457 нафар хотин-қизга турли ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Барча манбалар ҳисобидан рўйхатга олинган 6 тоифадаги аёлларга жами 181 миллиард сўмлик ёрдам ажратилди.

Жумладан, 2025 йилнинг ўзида 46 минг нафар хотин-қизга 38 миллиард сўм миқдорида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 65 нафар аёлнинг уй-жой шароити 279 миллион сўм маблағ ҳисобидан яхшиланди.

Хотин-қизларнинг билим олиш ва касбий салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган 2 минг 978 нафар талаба қизларнинг 7 миллиард 634 миллион сўмлик контракт тўловлари қоплаб берилди. Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилалардаги 1000 нафардан зиёд қизларга олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар тақдим этилди.

Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда Жиззах вилоятида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши қарийб 55 фоизга етгани фикримиз далилидир.

Шу билан бирга, оила ва хотин-қизлар тизими ташаббуси билан тадбиркор аёллар ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар ўртасида “Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” танлови ташкил этилди. Ушбу танлов доирасида вилоятдаги 304 та маҳалланинг ҳар бирига 25 миллион сўмгача ваучерлар тақдим этилди.

Мазкур ташаббуслар амалга оширилиши натижасида ҳар бир маҳаллада ўртача 3–4 нафардан хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, жами 1000 нафарга яқин қишлоқ аёллари учун янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.

Бу каби ташаббуслар нафақат аҳоли бандлигини ошириш, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган камбағалликни қисқартириш дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири