Жиззах шаҳридаги оҳак ишлаб чиқариш цехида йирик миқдорда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва газ таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбири давомида фуқаро Д.М. ўз хонадонида оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил этгани маълум бўлди. У газ таъминоти ташкилоти билан шартнома тузмаган ҳолда, ҳисоблагичдан олдин резина шланг орқали тармоққа ноқонуний улангани қайд этилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 4 миллиард 691 миллион сўмлик моддий зарар етказилган.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу каби ҳолатлар нафақат давлат манфаатларига, балки ресурслардан адолатли ва самарали фойдаланиш тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Шу боис, табиий бойликлардан қонун доирасида фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА