Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллар иштирокида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этиш соҳасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси органлари тизимида жами 201 нафар тезкор ходим (шундан 157 нафар давлат ижрочилари) фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бюро органлари ташкил этилганидан буён Жиззах вилоятида ҳозирга қадар 9 трлн. 134 млрд. сўмлик ҳужжат бўйича якуний қарорлар қабул қилинган бўлиб, шундан 4 трлн. 593 млрд. сўмлик ижро амалда таъминланган бўлса, давлат фойдаси 1 трлн. 472 млрд. сўм ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилги фармонига асосан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб қувватлаш учун 2020-2023 йилларда 92 млрд. 218 млн. сўм маблағ ундирилиб, 50 фоизи, яъни 46 млрд. 100 млн. сўми махсус ҳисоб рақамларга йўналтирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 2 ойида жами 94 243 та ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, улар бўйича ижрога қаратилган мажбурий мулкий ундирувларнинг умумий суммаси 1 трлн. 562 млрд. сўмни ташкил қилган.
Ушбу даврда амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари маҳсулида жами 405 млрд. сўмлик 26 233 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, амалда ундирилган тўлов ва қарздорликлар миқдори 115 млрд. сўмни ташкил қилади.
Асосий эътибор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб чиқарилган мажбурий ундирув билан боғлиқ қарорлар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган даврда фуқаролар фойдасига 7 млрд. ва тадбиркорлар фойдасига 69 млрд. сўм қарздорлик ундирилиши таъминланди.
Шу билан бирга, уй-жойи ёки бошқа кўчмас мулки бузилган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фойдасига маҳаллий давлат ҳокимлик органларидан 244 млн. сўм компенсация пуллари ундириб берилди.

Номулкий тусдаги фуқарони уйга киритиш ва уйдан чиқариш ҳақидаги 150 та, бола олиб бериш ёки у билан кўриштириш ҳақидаги 133 та ижро таъминланиб, жами 371 нафар фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.
Бугунги кўрсатгичларга кўра, 60 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларининг 10 мингтаси ёки ҳар 6 та ижро ҳужжатидан 1 таси алимент масаласига оид ижро ишлардир.
Шунингдек, алимент ва моддий таъминотга оид ижро ҳужжатлари юзасидан 2023 йилнинг 2 ойида 10 млрд. сўм алимент қарздорлиги ундириб берилди.
Биргина «Алимент ундирувлари» жамғармаси ҳисобидан 12 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжати бўйича ундирувчиларга жамғарма маблағлари ҳисобидан 213 млн. сўм алимент пуллари тўлаб берилди.
ЎзА