Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда 101 ёшли театр бор
12:12 / 2022-08-08

Собиқ Туркистон Халқ Республикаси Маориф комиссарлигининг 1921 йил 7 майдаги буйруғи билан марказий шаҳарларда, жумладан, Жиззах шаҳрида ҳам 25 кишидан иборат сайёр театр труппаси тузилган.

Дастлаб ҳаваскорлик драма тўгараги асосида фаолият олиб борган сайёр театр труппаси 1927 йил сиёсий-оқартув бўлими ихтиёрига олиниб, “Кўк кўйлак” номи билан фаолият юритган. Ўша йиллари театрга жиззахлик иқтидорли санъаткор, марҳум Мамаражаб Ҳожи раҳбарлик қилган.

Театрнинг илк саҳналаштирилган асари “Ҳалима” деб номланиб, ушбу асарга П.Носиров режиссёрлик қилган. Кейинроқ театр ижодкорлари Садриддин Айний асари асосида саҳналаштирилган “Бухоро жаллодлари”, Ҳамзанинг “Туҳматчилар жазоси”, У.Ҳожибековнинг “Аршин мололон” каби спектаклларини саҳналаштириб, жиззахлик томошабинлар ҳукмига ҳавола этган.

Самарқанд вилояти таркибида бўлган Жиззах шаҳридаги театр 1932 йилда Самарқанд колхоз-совхоз театрига айлантирилади. Ўз даврининг таниқли санъаткори С.Жўрабоев театрга бадиий раҳбар этиб тайинланади. Театр репертуаридан “Бой ила хизматчи” (Ҳамза), “Маликаи Турандот” (Гоцци), “Гулсара” (К.Яшин ва М.Мухамедов пьесаси, Т.Жалилов мусиқаси) ва бошқа бир қатор спектакллар ўрин олиб, томошабинлар меҳрини қозонади.

1941 йил Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, театрнинг бир қатор иқтидорли санъаткорлари фронтга жўнаб кетган бўлса, яна бир қисми фронтда жанг қилаётган аскарларга концерт қўйиш ҳарбий труппасига жалб этилади.

[gallery-8202]

Иккинчи жаҳон уруши йилларида қатор санъаткорларидан ажралиб қолган театр ижод қилишдан тўхтамайди. 1957 йил колхоз-совхоз театрларининг бирлашиши муносабати билан Жиззах колхоз-совхоз театри бадиий труппаси аъзолари Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари мусиқали драма театрлари ихтиёрига ўтказилади. Театр 1960 йилда халқ театри унвонига сазовор бўлади.

1964 йилда янги Сирдарё вилояти ташкил этилиши муносабати билан мазкур халқ театри вилоят мусиқали драма театри, деб атала бошланди. Қисқа йиллар оралиғида Гулистон шаҳрида театр биноси қуриб битказилгач, ушбу театр ўзагида Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ташкил этилди.

1974 йилда Жиззах вилояти ташкил этилгач, Жиззах шаҳар театри Жиззах вилоят мусиқали драма театрига айлантирилиб, республикадаги вилоят мусиқали драма театрлари орасида етакчига айланади.

Давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ташаббуси билан 1980 йил вилоят марказида театрга мослаб махсус қурилган 700 ўринли янги бино фойдаланишга топширилиб, жамоа эски мадрасадан шу бинога кўчиб ўтди.

Ўзбек халқининг таниқли рассоми Чингиз Ахмаров ўз шогирдлари билан театр деворига Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” асаридаги “Шарқнинг етти гўзали” акс этган санъат асарини яратди. Афсуски, 2018 йилда театр биноси қайта таъмирланган вақтда театр биноси фоеси деворида акс эттирилган суратлар устидан бўяб юборилган.

Бугунги кунда театр ижодкорлари, жамоа аъзолари кўнгилдагидек фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда саноқли театрларда бўлган ҳаракатланувчи саҳна, саҳна орти, гримёрлар, актёрлар хоналари, машғулот учун кичик зал, экспонатлар учун омбор ва устахона, актёрларнинг спектакль ижро этишларидаги либослари ва уларни сақлаш жойи, рассом ва унинг ижодхонасида ҳам зарур қулайликлар мужассам.

Театр биноси қайта таъмирланганида, томошабин ва саҳна ўртасида спектакль пайтида жойлашган оркестр қисқартириб юборилгани сабаб у ердаги махсус оркестр жойининг усти пол қилиб ёпиб юборилган.

– Оркестрни қайта тиклаб бериш тўғрисида хат билан чиқдик, – дейди Жиззах вилоят мусиқали драма театри директори Ғулом Дарханов. – 42 та штат бирлиги ажратиладиган бўлди. Ҳозирча бизни қийнайдиган ушбу муаммо келгуси йил бошидан оркестр ва улар учун махсус жой ҳам тўлиқ тикланиб, фаолиятини давом эттиради.

– Жорий йил апрель ойида Сурхондарё вилоятида, яқинда эса Фарғона водийсида гастролда бўлиб қайтдик, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали актёр, труппа раҳбари Абдураим Лапасов. – Ҳар икки вилоятда ҳам дастлаб бизни унча хушламай кутиб олган томошабин, спектаклларимизни томоша қилгач, кейинги кунлардан бошлаб, зал тирбанд бўлиб кетди. Олқишларни, актёрларимизни бағирларига босиб, яна албатта келинглар, дея кўз ёши билан хайрлашди. Жиззахлик томошабинлар меҳрини юз йилдан бери қозониб келаётган театр ижодкорларини бугун республикамизнинг барча вилоятларида таниши, тан олиши – бу актёр, ижодкор учун катта бахт.

– Қўқон шаҳрида ўтган туркий халқлар маданиятини намоён этувчи “Турксой” халқаро ижодий конференцияда қирғиз халқ ёзувчиси Султон Раевнинг “Тож” асари асосида саҳналаштирилган спектакль билан қатнашиб, махсус диплом билан тақдирландик, – дейди Жиззах вилоят мусиқали драма театри бош режиссёри Шоҳрух Йўлдошев. – Бундай муваффақиятга фақат 2 та – Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари мусиқали драма театрлари мушарраф бўлган.

Бугунги кунда Жиззах вилоят мусиқали драма театрида 83 киши фаолият олиб боряпти. 33 нафар ижодий ходимнинг 6 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга.

Мазкур маълумотлар Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими томонидан вилоят мусиқали драма театрига ташкил этилган пресс-тур давомида ОАВ вакилларига тақдим этилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА