Жиззах вилоятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан улуғ ёшдаги мунис онахонларнинг ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди.
Жумладан, Шароф Рашидов тумани “Эскитошкентлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фронт орти меҳнат фахрийси 101 ёшли Ўғилой момо Жўраеванинг хонадонига Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова бошчилигида бир қатор мутасаддилар ташриф буюриб байрам совғалари топширилди.
– Доно халқимиз, қарилари қадрланган юртнинг келажаги қадрли бўлади, деб бежизга айтмаган. Буларнинг барчаси, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одил ва оқилона сиёсати, амалга ошираётган ислоҳотлари самараси сабабдир. Нуронийларини шундай ардоқлаётган Президентимиз – илоҳо дунё тургунча турсин, азиз бошлари ғам кўрмай, ҳамиша омон бўлсин. Биз кексаларни йўқлаганларни Худо йўқласин, – дея дуо қилди Ўғлой момо Жўраева.

Шунингдек, Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи, салкам 100 ёшни қаршилаган яна бир фронт орти меҳнат фахрийси Вера Талпийеванинг ҳам ҳолидан хабар олиниб, у ҳам байрам билан қутланди.
– Жуда кўп қийинчиликлар, йўқчилик, очликларни бошимиздан ўтказдик, бир бурда нон учун куни билан тер тўкиб меҳнат қилган кезларимиз ҳам бўлди, – дейди Вера момо Талпийева. – Аммо мамлакатимиз мустақилликка эришгунга қадар бир инсон, ҳолинг қандай деб сўраб келмаган бўлса, мана Худога шукур, бу анъана ҳар байрам канда қилинмайди. 100 ёшга кираётган бўлсамда, ҳали ўзимни ўзим эплаб келяпман. Лекин энди замон ҳам инсонга бўлган эътибор ҳам ўзгарди. Масалан волонтёр ёш йигит-қизлар тез-тез келиб, уй юмушларимга қарашиб, ҳамшира қизлар эса доимий равишда саломатлигимиздан хабардор бўлиб туради. Илгари 2-3 кунлаб навбат кутиб пенсияни ола олмаган бўлсак, бугун пулларимизни тўғри уйимизга олиб келиб беришади. Бирор бир байрам йўқки ҳокимлик ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари келиб табриклаб кетишмаган бўлса. Барчаси учун мингдан-минг раҳмат.
Бутун мамлакатимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами кенг нишонланаётган шундай шодиёна кунларда вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ёши улуғ онахонлар ҳолидан хабар олиниб, совға саломлар тарқаилмоқда, кўнгиллари шод этилиб, қалбларига баҳорий кайфият улашилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА