Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилоятининг улуши ҳам салмоқли бўлмоқда
12:26 / 2026-01-16

Жиззах вилоятида қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаси йилдан-йилга янги суръат касб этмоқда. Ҳудуд саноатида барқарор ўсишни таъминлаётган муҳим йўналишлардан бири сифатида шаклланаётган ушбу соҳа иқтисодий тараққиётнинг амалий ифодасига айланиб бормоқда. 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида вилоятда йирик саноат корхоналари томонидан 160 миллиард 500 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани бу борадаги имкониятлар изчил ва барқарор равишда кенгайиб бораётганини яққол кўрсатади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат миқёсида қоғоз ва қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 триллион 900 миллиард сўмга етган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,8 фоиз ўсишни англатади. Қувонарлиси, ушбу ижобий динамикада Жиззах вилоятининг улуши ҳам салмоқли бўлиб, ҳудуд саноати республика миқёсидаги умумий ривожланиш жараёнлари билан ҳамнафас экани намоён бўлмоқда.

Қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш вилоятда саноатни диверсификация қилиш, маҳаллий хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим омилга айланди. Айниқса, қадоқлаш материаллари, маиший ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотларга талабнинг тобора ортиб бораётгани корхоналар фаолиятига қўшимча туртки бермоқда.

Шу билан бирга, саноат инфратузилмасининг босқичма-босқич такомиллашиб бориши, инвестиция муҳитининг жозибадорлиги ҳамда логистика имкониятларининг кенгайиши соҳадаги ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Бу эса нафақат ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, балки ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда.

Келгусида қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, экспортбоп маҳсулотлар улушини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали Жиззах вилоятининг республика саноатидаги ўрни янада мустаҳкамланиши кутилмоқда. Бу жараён ҳудуд иқтисодий барқарорлиги ва рақобатбардошлигини юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Абужалол Қаюмов, ЎзА мухбири