Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилоятида хотин-қизлар учун 135 мингта иш ўрни яратилади
17:02 / 2023-03-31

Жиззахда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун “Хотин қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини мутасаддилар ва секторлар томонидан самарали амалга оширишнинг устувор вазифалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи, сенатор Назира Мухторова мавзу юзасидан атрофлича маълумот бериб, 2022 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилда белгиланган чора-тадбирлар хусусида гапирди.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, илмий фаолиятини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида Жиззах вилоятида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.  

Вилоятда ўтган 2022 йилда эҳтиёжманд оилаларда истиқомат қилувчи 1 минг 796 нафар хотин-қизга олий таълим муассасаларига имтиёзли 4 фоизли квота асосида ўқишга қабул қилиниши учун тавсияномалар берилди. Уларнинг 199 нафари олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинган бўлса, олийгоҳларда таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилаларнинг 1 минг 750 нафар талаба хотин-қизлари учун контракт тўловлари тўлаб берилгани, ота-онасидан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчисидан айрилган ёлғиз аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун улкан имконият эшиклари очилгани алоҳида таъкидланди.  

Шу билан бирга мутахассисликлари бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақидаги қарорига асосан 50 нафар хотин-қиз контракт асосида олий ўқув юртига қабул қилинди. Ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ва уларнинг ногирон фарзандларига 770 та реабилитация воситалари (ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса, қўлтиқтаёқ ва бошқалар) тарқатилиб, 150 та мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун 2 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди.  

Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, 548 минг 686 нафар хотин-қизнинг шароитларини ўрганиб чиқди. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш модули орқали 8 минг 705 нафарининг 61 турдаги муаммолари жойида аниқланди ва 6 минг 95 нафар хотин-қизнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.  

– Вилоятимизда 484 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз уй-жой билан таъминланган. Шундан, республика бюджетидан турар жойга муҳтож бўлган хотин-қизларга ижтимоий уй-жойларни сотиб олиш ҳамда бошланғич бадал маблағларини тўлаб бериш мақсадида вилоятимизга 15 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағлар ҳисобидан 118 та ижтимоий уй-жой сотиб олинди. 30 нафар хотин-қизга эса уй-жойлар учун бошланғич бадал маблағлари тўлаб берилди. Маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан 75 та уй-жой топширилган бўлса, ипотека кредити бўйича субсидия ажратилган хотин-қизлар 261 нафарни ташкил этди, – деди вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи, сенатор Назира Мухторова.  

Шунингдек, ўтган 2022 йилда Жиззах вилоятида 60 минг 157 нафар аёлларнинг бандлигини таъминланди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш истагида бўлган 12 минг 860 нафардан ортиқ хотин-қизга 220 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. 12 мингга яқин хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 21 минг 723 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичига киритилди. Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда уларга ёрдам бериш мақсадида барча манбалар ҳисобидан жами 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 миллиард 268  миллион сўм маблағ сарфланди.  

“Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида “Аёллар дафтари”га киритилган 1 минг 366 нафар хотин-қиз республикамизнинг муқаддас қадамжоларига саёҳатга юборилди.  

[gallery-11224]

– Жорий йилда аёлларимизни доимий ва мавсумий ишларда банд қилиш юзасидан 135 мингта иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз, – дейли Назира Мухторова. – 2023 йил “Аёллар дафтари” нинг 4-босқичини шакллантириш бўйича тўлиқ хатлов ўтказилди. Хатлов якунлари билан Халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларига хотин-қизларни “Аёллар дафтари” га киритиш бўйича муҳокамаларга киритилди. Шунингдек, 2023 йилда 38 минг нафардан ортиқ хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, 4-босқичда уларга амалий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.  

Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.  

А.ҚАЮМОВ,

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА