ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 майдаги “Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган “IT-шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудларда замонавий рақамли таълим инфратузилмасини шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур қарор ижроси доирасида Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида ташкил этилган “IT-шаҳарча”лар фаолияти бир кунда тантанали равишда иш бошлади.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари бошқармаси, Рақамли технологиялар бошқармаси, туман ҳокимликлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“IT-шаҳарча”лар 6 та замонавий ўқув хоналаридан иборат бўлиб, марказлар бир вақтнинг ўзида 100 нафарга яқин ўғил-қизни қамраб олиш имкониятига эга ҳамда замонавий компьютер техникаси билан жиҳозланган.
Марказларда дастурлаш, график дизайн, робототехника, ахборот хавфсизлиги, SMM, замонавий касблар ҳамда хорижий тилларни ўргатиш йўналишлари бўйича машғулотлар йўлга қўйилган. Шунингдек, ёшлар ва фрилансерлар учун coworking зоналари ташкил этилган.
— Юртимизда биз, ёшлар учун ҳар томонлама кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугун очилган мазкур марказда ҳам билим олиш истагида бўлган тенгдошларим учун барча шароитлар мавжуд, - дейди Зомин туман ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Суҳроб Келдибеков. — Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, келажакда мамлакатимиз равнақи учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз. Бундай ишонч ва ғамхўрлик учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
[gallery-27407]
Маълум қилинишича, мазкур марказлар орқали ҳар йили 500 нафарга яқин ўғил-қиз IT соҳасида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, ҳозирда Фориш, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида ҳам янги замонавий “IT-шаҳарча”лар ва Ёшлар ахборот технологиялари марказларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Йил якунига қадар Бахмал, Зарбдор, Арнасой ва Зафаробод туманларида ҳам шундай марказларни ишга тушириш, Жиззах шаҳрида эса қиймати 40 миллиард сўмлик замонавий IT Parkни қуриб битказиш режалаштирилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА