English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилоятида ҳам 169 та масжидда ҳайит намози ўқилди
08:23 / 2023-04-21

Муборак Рамазон ойи якунланиб, бугун 21 апрель эрта саҳардан минглаб жиззахликлар вилоятдаги 169 та жоме масжидда муборак Рамазон ҳайити намозини ўқишга шошилдилар.

Яратганга беҳисоб ҳамду санолар ва унинг пайғамбарларига саловатлар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказди. Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон рўзасини тутиб, зиммаларидаги буюк бир вазифани шараф билан ўтади.  

Жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг бошқа масжидларидаги каби Жиззах вилоятида ҳам ҳайит намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ва нодавлат ташкилотлари ходимлари намозхонлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилди.

Масжидларнинг имомлари Давлатимиз раҳбарининг Рамазон ҳайити муносабати билан мамлакатимизнинг барча мусулмонлари ва Ўзбекистон халқига ушбу улуғ байрам билан қутлаб, йўллаган байрам табриги хусусида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукурлар айтилди.  

Шунингдек, ҳар бир жоме масжидлар имомлари ҳайит байрами фазилатлари хусусидаги амру-маъруфларида Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлигини, гина-кудратлар унут бўлиши, эҳтиёжмандларга – закот, фирт рўза, эҳсонларни вақтида етказиш, бериш, туҳфа этиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

– Бугун бутун Ислом оламининг икки улуғ байрамидан бири муборак Рамазон ҳайити ва бу кунда Аллоҳ таоло жамоат бўлиб ҳайит намозини ўқишни, муборак байрам сифатида тантана қилишни буюрган, – дейди Жиззах вилояти бош имом хатиби Меҳмонхон Жабборов. – Муҳтарам Юртбошимизнинг куни кеча имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида” ги фармонига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги фармони билан Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2023 йилнинг 21 апрелига тўғри келишини  инобатга олган ҳолда мусулмонларнинг ушбу байрамни муносиб кутиб олиши ва юксак савияда ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ҳайитнинг эртаси 3 куни, яъни 22-24 апрелини дам олиш кунлари деб эълон қилдилар.  

Муҳтарам Президентимизнинг мамлакатимиз мусулмонлари ва барча ўзбекистонликларни Рамазон ҳайити билан муболракбод этиб йўллаган табриклари қалбларимизга улкан шоду хуррамлик ато этди. Бундан ташқари, Рамазон ҳайити муносабати билан республикамиз раҳбарининг фармони билан хато йўлни танлаб, ўз қилмишларига астойдил пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига кирган 540 нафардан ортиқ маҳкум ватандошларимиз ва бир қатор чет фуқаролари ҳам авф этилиб, хибсхоналардан озодликка чиқарилгани ва ҳайитни оиласи бағрида ўтказаётганларнинг ўзи халқимизга хос кечиримлиликнинг энг улуғ намунасидир.

Ҳафтанинг жума, яъни 21 апрель ҳайит куни Жиззах шаҳри ва вилоятнинг яна 12 та тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги жами 169 та жоме  масжидларида муборак Рамазон ҳайит намози ўқилди.  

Бунда масжидларга борувчиларга қулайлик яратиш, йўлларда пайдо бўладиган тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда Рамазон ҳайит байрамида сифатли, хавфсиз жамоат транспорти хизматини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди. Йўналишли автобус ва йўналишсиз таксилар хизмати ташкил этилиб, ҳайдовчилар, вилоят ИИБ жамоат хавфсизлик хизмати ва йўл ҳаракати хизмати бошқармаси, республика тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази Жиззах вилоят филиали, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимларининг ҳамда ҳайдовчиларнинг тунги соат 3:00 дан навбатчилиги ташкил этилиб, фуқароларнинг масжидларга хавфсиз келиб-кетишлари, ҳайит намози пайтидаги намозхонларнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида намунали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Рамазон Ҳайити намози ўқиб бўлингач, масжидлар имомлари, маъмурияти ҳамда барча жамоа бўлиб ҳайит намозини ўқиган намозхонлар номидан жуда сифатли хизмат кўрсатган ушбу хизматлар вакилларига самимий миннатдорчилик билдирилди.  

Дуога қўл очилиб юртимизга тинчлик, халқимизга фаравонлик, юртбошимизга тани-сиҳатлик тилаб дуолар қилинди.  

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА