Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилоятида Бизнес-омбудсман томонидан 134 нафар мансабдорларга интизомий чора кўрилди
17:42 / 2021-01-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман Жиззах вилоятидаги ходимлари иш юритувига 2020 йилда келиб тушган 280 та мурожаатнинг 278 таси ҳал этилди.

Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вилоятдаги вакили томонидан “Begali trans servis” масъулияти чекланган жамияти раҳбари М.Хаққуловнинг Зарбдор тумани ҳокимлиги 1 миллиард 126 миллион 415 минг сўмлик транспорт хизматлари учун қарзини тўлаб берилмаётгани ҳақидаги мурожаатини ўрганиб чиқиб, тадбиркорнинг манфаатини суд орқали химоя қилди. Натижада Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан тадбиркорнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди ҳамда даъво ариза қаноатлантирилиши таъминланди.

Бизнес-омбудсман ўтган йилги фаолиятида бунга мисоллар кўп.

Омбудсман томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давомида уларнинг 1 миллиард 736 миллион 288 минг сўм миқдоридаги тўланмаган маблағи ундирилди. Тадбиркорлардан ортиқча ундирилган 857 миллион 884 минг сўм маблағ қайтарилди.

Мурожаатлар билан ишлаш давомида тадбиркорларга 224,7 гектар ер майдони ва бино-иншоотлар ажратиб берилди, 4 миллиард 851 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди, тадбиркорларнинг 70 млрд сўмдан ортиқ мулкка бўлган ҳуқуқи суд орқали тикланди.

— Тадбирнинг ҳуқуқини тиклаш, ҳақини ундириб бериш билан бирга унга нисбатан ноқонуний чора кўрилишини таъминлаш ҳам эътиборимизда бўлиб келаётир, — дейди Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспектори Сардор Усмонов. — Ўрганишларимиз тадбиркорларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани хусусида муайян хулосалар чиқариш имконини бераётир. Мурожаатларнинг аксариятида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларига, ҳаракатларига норозилик билдирилган. Ер ажратиш, назорат қилувчи органлар ва банклар фаолияти, солиқ соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ҳамда суд қарорлари ва уларнинг ижроси билан боғлиқ масалаларда тадбиркорлар муаммоларга дуч келишмоқда. Тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тақдимнома, хулоса ва маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юбораяпмиз.

Жумладан, ўтган йили мурожаатлар ҳамда таҳлиллар асосида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органларига 299 та таъсир чоралари қўлланилди. Хусусан, давлат ташкилотлари раҳбарларига 39 та тақдимнома, 66 та маъмурий баённома, 18 та даъво аризалар ва шикоятлар, 8 та хулоса, 1 та огоҳнома киритилди. Мансабдор шахсларга нисбатан 134 та интизомий чоралар кўрилди, 11 нафари лавозимидан озод этилди, давлат органларининг 22 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди. Ҳар бир мурожаатни ўрганиш давомида мулкдорнинг қонуний ҳуқуқи тикланиб, ҳақи ундириб берилиши тадбиркорни катта зарардан сақлаб қолиш билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожига ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш давомида муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ўрганилиб, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 54 та таклифлар ишлаб чиқилди.

Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама амалий ёрдамлар кўрсатишда жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Шу мақсадда ўтган йили 135 та тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, телевидениеда 21, радиода 3 марта, ижтимоий тармоқлар орқали 93 та чиқиш қилинди. Тадбиркорлар билан 18 та давра суҳбатлари ва семинарлар, 62 та сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, 3 мингдан ортиқ буклетлар тайёрланиб, тадбиркорларга тарқатилди.

Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилаётган бу ишлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилмоқда.

Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА