Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти янгиликлари – қисқа сатрларда
11:47 / 2022-02-10

Бахмал тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги «н» ҳарбий қисмда шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳамда шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунига бағишлаб «Балли аёллар» кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ушбу кўрик-танловда ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқларининг 4 та: ҳазрат Навоий ҳамда Бобур асарлари юзасидан билимлари, ҳарбийларнинг аёллари билиши лозим бўлган вазифалар, пазандалик ҳамда эркин мавзу шартлар бўйича иқтидорлари синовдан ўтказилди.

Ғолиб, совриндор ва турли номинация соҳибалари туман ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.

* * *

Дўстлик туманидаги «Наврўз» маҳалласида тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда Жиззах вилояти судлари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятидаги Халқ қабулхоналари мудирлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси ҳамда шаҳар, туман бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.

Сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалалари ва тумандаги «Аёллар дафтари»га киритилган, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга самарали ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

* * *

Фориш туман Халқ таълими бўлими ходимлари иштирокида дин ишлари бўйича қўмитанинг бош мутахассиси, ИИБ тезкор ходими, туман адлия бўлими ҳамкорликда диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш, коррупция, диний соҳада амалга оширилаётган давлат сиёсатини тушунтиришга қаратилган учрашув ўтказилди.

Унда республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, дресс-код талабларига риоя қилиш, мутаассиб оқимлар томонидан ижтимоий тармоқ платформаларида илгари сурилаётган даъволар, ёшлар орасида диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғоялари тарқалишининг олдини олиш юзасидан керакли топшириқ ва тавсиялар берилди ва тушунтирилди.
* * *

Зарбдор туманида «Зарбдор тоза уруғ томорқа хизмати» фаолият бошлади.

Тумандаги 2-сектор ҳудудида жойлашган «Тозауруғ» маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокими З.Рўзиев ҳамда туман прокурори М.Хўжамқулов бошчилигида «Тозауруғ сара сабзавотлар» фермер хўжалиги томонидан ажратилган 10 гектар ер майдонида «Зарбдор тоза уруғ томорқа хизмати» ташкил этилиб, 50 нафар фуқарога деҳқончилик қилиши учун ер майдони ажратиб берилди.

* * *

Ғаллаорол туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари ташаббуси билан маданият ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимлари ҳамкорлигида «Самарқанд» МФЙ ҳудудидаги «Баркамол авлод» болалар ижодиёт мактаби ҳовлиси «Гулхан атрофида» маданий, маърифий ва бадиий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда ёшлар мушоираси ташкил этилиб, шўх қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.

«Гулхан атрофида»ги кечада «Самарқанд» маҳалласида истиқомат қилувчи 2 нафар ёшга ўз-ўзини банд қилишлари учун юк мототциклининг калитлари топширилди.

Ушбу «Гулхан атрофида» лойиҳаси туманнинг ҳар бир маҳалласида давом этиши режалаштирилган.

* * *

Зомин туманида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спортга жалб қилиш мақсадида «Халқобод» МФЙ ҳудудида жойлашган 60-сонли умумтаълим мактаби спорт залида уюшмаган маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг баскетбол тури бўйича мусобақа ташкил этилди.

Ушбу беллашувга «Оқтепа» ҳамда Ш.Рашидов маҳаллаларидан ҳам жамоалар таклиф этилиб, мусобақаларда 18 дан 30 ёшгача бўлган ҳаваскор баскетболчилар баҳслашди.

Ғолиб ва совриндорлар туман ҳокимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

* * *
Янгиободда туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Иброҳим Қаршибоевнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти ташкил этилиб, уларнинг муаммо, таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва бу соҳада яратилаётган имкониятларга бағишлаб ташкил этилган очиқ мулоқот давомида ёшлар тадбиркорлик, бандлик каби масалалар юзасидан мурожаат қилди. Ушбу масалаларнинг асосий қисми жойида ижобий ҳал этилди.

Учрашув сўнгида бир гуруҳ ташаббускор ёшларга туман ҳокимининг совғалари топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА