French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари - қисқа сатрларда
19:44 / 2026-02-26

Дўстлик тумани Ғафур Ғулом номли маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ифторлик тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Унда туман бош имом-хатиби А. Абдурасулов иштирок этиб, 180 нафар нуроний ҳамда маҳалланинг эҳтиёжманд, кам таъминланган фуқаролари иштирокида маърифий суҳбат ўтказди.

Суҳбатда саховат ва меҳр-оқибат фазилатлари, имконияти чекланган инсонларга ҳиммат кўрсатишнинг савоби ва ижтимоий аҳамияти борасида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилгани алоҳида таъкидланди. Ифторлик дастурхони атрофида айтилган самимий мулоҳазалар ва эзгу тилаклар тадбирга янада файз бағишлади.

***

Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан тизимда қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ташкил этилди. Унда Пахтакор тумани ФВБ шахсий таркиби иштирок этди.

Шахсий хавфсизлик бўлими масъуллари томонидан хизмат интизомига қатъий риоя қилиш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчилик талабларининг мазмун-моҳияти, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби долзарб масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, диний экстремизм ва радикал ғояларнинг салбий оқибатлари, онлайн қимор ўйинларининг жамият ҳаётига зарарли таъсири ҳақида фикрлар билдирилди.

***

Жиззах шаҳрида марказий ичимлик суви тармоқларини янгилаш ишлари жадал давом этмоқда.

Президентнинг “Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ўзбекистон Республикасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастури» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида фойдаланиш муддати ўтган 27,4 километр ҳамда 12,5 километр узунликдаги магистрал тармоқлар босқичма-босқич реконструкция қилинмоқда. Лойиҳа Туркиянинг Faysel компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар қарийб 25,5 километрлик марказий тармоқда ишлар якунланди.

Мутахассислар таъкидлашича, ишлар тўлиқ якунлангач, 150 минг нафар аҳоли тоза ва сифатли ичимлик суви билан барқарор таъминланади.

***

Халқ депутатлари Мирзачўл туман Кенгаши 7-Гузар сайлов округи депутати муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Фозилбек Ҳасанов ҳамда Анвар Жунусовнинг оила аъзолари билан учрашди.

Суҳбат чоғида ҳарбий хизматчиларнинг келгусидаги режалари, уларни хизматдан сўнг иш билан таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, Ватанга садоқат билан хизмат қилаётган ёшларнинг эртанги ҳаётини муносиб йўлга қўйиш, уларга кенг имкониятлар яратиш давлат ва жамият олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири