Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:36 / 2026-02-13

Жиззах вилоятидан 30 нафар педагог малака ошириш ва илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Туркия Республикасига йўл олди.

Малака ошириш жараёнида ўқитувчилар ушбу мамлакат таълим муассасалари фаолияти, замонавий ўқитиш методикалари ҳамда таълим жараёнини ташкил этишнинг самарали моделлари билан яқиндан танишади. Шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинади.

Мазкур сафар педагогларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

***

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатимизда йирик корхоналар томонидан 43,1 триллион сўмлик кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу 2024 йилга нисбатан 21,7 фоиз ўсишни таъминлади.

Жиззах вилоятида эса ўтган йил давомида 576,3 миллиард сўмлик енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ҳудудда соҳанинг барқарор ривожланаётганини кўрсатади.

Вилоятда янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж корхоналари фаолияти кенгаймоқда. Маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратилиши аҳоли бандлигини таъминлаш ва саноат улушини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

***

Шароф Рашидов туманида “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан кенг қамровли профилактик тадбир ўтказилди.

Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари томонидан хизматга жалб этилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва жамоатчилик вакилларига ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.

Профилактик ҳисобда турган шахслар билан манзилли суҳбатлар ўтказиш, кўп қаватли уйларда хавфсизликни кучайтириш, комплекс профилактик чора-тадбирларни жорий этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Шундан сўнг, туман ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган амалий ишлар бажарилди.

***

Ғаллаорол туманида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Унда суд, прокуратура, адлия ва солиқ идоралари вакиллари иштирокида 20 га яқин фуқаро ўз мурожаатлари билан қатнашди. Мурожаатлар белгиланган тартибда жойида кўриб чиқилди.

Хусусан, 6 нафар фуқаронинг паспорт олиш масаласи ижобий ҳал этилиб, уларга ID-карталар топширилди.

Шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси учун маҳалла еттилиги аъзолари рағбатлантирилди. Ижроси вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилиб, назоратга олинди.

***

Абу Али ибн Сино номидаги Дўстлик жамоат саломатлиги техникумида “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” ҳафталиги доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Муқаддас Суюнова, зиёли аёллар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Учрашувда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан ва жамият тараққиётидаги ўрни, қизларнинг билим ва салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Мотивацион чиқишлар ва маънавий суҳбатлар тадбирга мазмун бағишлади.

Якунда фаол ва иқтидорли қизлар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири