Жиззах вилоятида аҳолига маиший хизматлар кўрсатиш жараёнларига рақамли ечимлар изчил жорий этилмоқда.
Хусусан, Бахмал туманининг тоғли ҳудудларида суюлтирилган газ баллонларини аҳолига етказиб беришда замонавий “Face ID” тизимидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Ушбу технология инсон юз қиёфасини автоматик аниқлаш орқали фуқаронинг шахсини тасдиқлайди ва ҳужжатлаштириш ишларини тезкор ҳамда аниқ амалга ошириш имконини беради. Натижада газ тарқатиш жараёнида шаффофлик таъминланиб, инсон омили билан боғлиқ хатоларнинг олди олинмоқда.

***
Жиззах шаҳрида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Саломатлик марафони” оммавий тадбирлари ўтказилмоқда.

Нукус шаҳридан старт олган марафон доирасида Жиззах шаҳридаги кўп тармоқли марказий шифохона ҳамда 6 та оилавий поликлиникада аҳоли оммавий тиббий кўриклардан ўтказилмоқда. Шунингдек, сурункали касалликлари мавжуд беморлар республиканинг етакчи мутахассислари кўригидан ўтказиш ва юқори технологик текширувларга йўналтириш учун саралаб олинмоқда. Марафонга жалб этилган аҳоли ҳақидаги маълумотлар DMED ахборот тизимига киритилиб, кунлик таҳлил қилиб борилмоқда.
“Саломатлик марафони” тадбирлари февраль ойи охирига қадар давом этади.
***
Янгиобод туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хусусан, аёллар ўртасида кўкрак бези саратонини эрта аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан 35 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёллар ўртасида скрининг текширувлари ташкил этилмоқда ҳамда кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, 2026 йилда ушбу ёш тоифасига мансуб 1080 нафар аёл мавжуд бўлиб, улардан ҳар ойда ўртача 90 нафари скрининг текширувларидан ўтказилиши режалаштирилган. Жорий йил январ ойида 87 нафар аёл текширувдан ўтказилиб, касаллик ҳолатлари аниқланмади.

Шунингдек, патронаж доялар томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари ҳам мунтазам равишда олиб борилмоқда.
***
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 апрелдаги 170-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ҳамда йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекциясининг Фориш тумани бўлими ходимлари томонидан баҳорги дала ишларига жалб этиладиган қишлоқ хўжалиги техникалари ўрганилиб, белгиланган тартибда назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу эса мавсумий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
***
Зарбдор туманида ёшлар билан ишлаш фаолияти доирасида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.

Туман ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Ф. Синдаров томонидан “Шодлик” маҳалласида уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда уларни қизиқтираётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қабул давомида билдирилган мурожаатлар масъуллар томонидан атрофлича ўрганилиб, уларни қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
***
Дўстлик туманида 2026 йил ҳосили учун ғалла майдонларида агротехник тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Айни кунларда ерларни озиқлантириш, суғориш ишларини меъёр асосида ташкил этиш, экин майдонларини агротехник талаблар бўйича назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ишлар Агроинспекциянинг Дўстлик туман бўлими томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, бунинг натижасида юқори ва сифатли ҳосил етиштириш, деҳқончилик самарадорлигини оширишга замин яратилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА