Жиззахда “Жадидлар изидан” танловининг вилоят босқичи ғолиблари тантанали равишда тақдирланди. Байрамона руҳда ўтган маросимда ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Якуний натижаларга кўра, 6–8-синфлар йўналишида Ғаллаорол тумани 73-мактаб ўқувчиси Флюра Алмаматова, 9–10-синфлар тоифасида эса Зомин тумани 47-мактаб ўқувчиси Жасурбек Абдуғаффоровлар 1-ўринни қўлга киритишди.

Ушбу танлов уч йилдан буён жадидлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиб келмоқда. Ғолибларни энди республика босқичи кутмоқда, унда ғолиб чиққанлар хорижга таълим саёҳати йўлланмаси билан тақдирланишади.
***
Республика маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан “Маҳоратли нотиқ” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Барча туманлардан келган иштирокчилар нотиқлик маҳорати, саводхонлик ва ижтимоий мавзуни очиб бериш кўникмалари бўйича баҳслашдилар.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан Фароғат Зоидова (Жиззах шаҳри) мутлоқ ғолиб деб топилди. У энди республика финалида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
***
Жиззах шаҳри марказидаги “Истиқлол” болалар боғида “Яшил макон” дастури доирасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.


Ҳудудга арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экилиб, болалар учун қулай ва соғлом муҳит яратишга ҳаракат қилинмоқда.
***
Мажбурий ижро бюроси Пахтакор туман бўлимида “Янги Ўзбекистон учун бирлашайлик” шиори остида коррупцияга қарши профилактика тадбири ўтказилди.

Учрашувда коррупциянинг мамлакат тараққиётига салбий таъсири, унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат хизматчилари ўртасида ҳалоллик ва масъулиятни янада кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
***
Зомин туманида “Китобсевар миллат” шиори билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчилар учун турли йўналишдаги бадиий асарлар, тарихий китоблар, энсиклопедиялар ва замонавий ёшлар адабиётларидан иборат кенг кўламли китоб кўргазмаси ўтказилди.

Иштирокчилар янги номдаги адабиётлар билан танишиб, ўзлари учун керакли китобларни харид қилиш имконига эга бўлдилар.
Албатта, бундай тадбирлар ёшларда китоб ўқишга қизиқишни кучайтириш, билимга чанқоқликни ошириш ва мактабларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири