Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:28 / 2025-11-25

Россия Федерацияси Валдай миллий табиат боғида “Биохилма-хиллик, экология ва экотуризм” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг йирик қўриқхона ҳудудларидан бири саналган Зомин Миллий табиат боғи ходимлари ҳам ушбу тадбирда иштирок этиб қайтишди.

Мазкур конференцияда Зомин Миллий табиат боғининг илмий бўлим ходими Сайидрасул Баракаев ўрмон экотизимларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва арча ўрмонларини муҳофаза қилиш бўйича маъруза қилди.  

Тадбир давомида мутахассислар биохилма-хилликни сақлаш, ноёб флора ва фауна турларини мониторинг қилиш ҳамда улкан ўрмон массивлари экотизимларини барқарорлигини таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашишди.

***

Жиззах шаҳар “Заргарлик” МФЙ ҳудудида шаҳар “Нуроний” бўлими фаоллари ва “Бувижонлар мактаби” аъзолари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экиш тадбири ўтказилди.

Тадбирда маҳаллада яшил ҳудудларни кўпайтириш, аҳолида табиатга муҳаббат ва экологик онгни ошириш мақсад қилинди. Унда нуроний отахон ва онахонлар, фаол аёллар, ёшлар ва кўнгиллилар иштирок этишиб, ҳудудни ободонлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшишди.  

***

Дўстлик туманининг барча маҳаллалари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” кўрик-танлови жорий йилда ҳам юқори савияда ташкил этилиб, танлов жараёнида маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, хонадонлар кўркамлиги, кўчалар тозалиги, фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ҳар томонлама ўрганилди ва белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.

Танлов якунларига кўра – “Бунёдкор” МФЙ аъзолари биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

***

Шароф Рашидов туманининг ҳокими Асилбек Ашуров бошчилигида “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида ўтказган йиғилишда маиший чиқиндиларни йиғиш, ички кўчалар ва умумфойдаланиш жойларини тозалаш масалалари муҳокама қилинди.  

Мавжуд камчиликлар таҳлил қилиниб, бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Туман ҳокими маҳаллаларда тозалик ва ободонлаштириш ишлари сифати ва аҳоли учун қулай шароитларни таъминлаш борасида зарур чораларни кўриш ҳар бир маҳалла еттилиги аъзоларининг вазифаси эканини алоҳида таъкидлади.

***

Ички ишлар вазирлиги “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилоят кенгаши томонидан Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида енгил атлетика бўйича 100, 400 ва 3 минг метр масофаларга югуриш мусобақаси ўтказилди. Спорт тадбирида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча органлар ходимлари қатнашишди.

Мусобақа натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Жиззах вилояти ИИБ, иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Миллий гвардия ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармалари жамоалари эгаллади. Ғолиблар медал, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири