Кеча Ғаллаорол, Бахмал, Фориш ва Зомин туманларидан 21 нафар ўқитувчи ҳамда Жиззах вилояти педагогик маҳорат марказининг 2 нафар ўқитувчиси Малайзиянинг UNIMAS университетида амалий малака ошириш дастурида иштирок этиш учун сафарга отланишди.
Бугун улар Куала-Лумпурда илиқ кутиб олинди, шаҳар бўйлаб экскурсияда бўлиб, мамлакатнинг таълим тизими ва замонавий муҳити билан танишдилар.
Эртадан бошлаб амалий машғулотлар бошланади.

***
Шароф Рашидов тумани “Тоқчилик” маҳалласидаги “Отчопар” массивида қурилган 29-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий талаблар асосида жиҳозланди.
Янги бинонинг очилиш маросимида вилоят, туман ҳокимликлари, вилоят ва туман мактабгача ва мактаб таълими тизими раҳбарлари, нуронийлар ҳамда маҳалла аҳли иштирок этишди.

***
Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Infolib O‘zbekiston – 2025” доирасида Маънавият-маърифат маркази Жиззах вилояти бўлимининг бошлиғи Иқболой Умарованинг “Эшикли уй” асари тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда ёшлар, китобхонлар ва ижодкорлар иштирок этиб, асарнинг ғоя ва образлари ҳақида фикр алмашдилар.
Муаллиф эса асар яратилиш жараёни, болалик хотиралари ҳақида сўзлаб берди.
Китобхонлар асардан олган ўз таассуротларини баён қилишди.

***
Жиззах давлат педагогика университети ҳамда Озарбайжон Миллий фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти ҳамкорлигида тайёрланган “Жаҳон халқлари адабиёти” (1-қисм) дарслиги Боку шаҳрида нашр этилди.
Дарсликда турли тил гуруҳларига мансуб халқлар адабиёти, уларнинг ўзига хослигига назар ташланган, шунингдек, Нобел мукофоти соҳиблари ижоди ҳақида маълумотлар берилган.
Асар филология йўналишида таҳсил олувчи талабалар ва кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

***
Бугун “Чоршанба – фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар профилактикаси куни” муносабати билан Ғаллаорол туманида масъул ташкилотлар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда куз-қиш мавсумида ёнғин хавфсизлиги, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва профилактик тадбирларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди, ишчи гуруҳларга эса зарур йўриқномалар берилиб, ҳудудларга юборилди.


***
Мирзачўл агросаноат техникумида “Ватан таянчи” отряди ташкил этилди.
Отряд ёшлари маҳалладаги кекса фуқаролар рўйхатини шакллантириб, уларни доимий равишда қўллаб-қувватлаш, ҳолидан хабар олиб туришни йўлга қўйди. Ёшлар нуронийлар хонадонларига бориб, уларнинг саломатлиги ва эҳтиёжлари билан қизиқдилар, амалий ёрдам кўрсатишди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири