Жиззах шаҳрида фидоий ва кўнгилли волонтёр ёшлар иштирокида “Обод юрт” шиори остида плоггинг акцияси ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади — ўқувчи ва ёшларда ижтимоий жавобгарлик ҳиссини шакллантириш, меҳр-оқибат ва муҳтожларга ёрдам бериш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш кўникмасини тарбиялашдан иборат бўлди.
Акция давомида иштирокчилар соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш билан бирга, шаҳар ҳудудларини тозалашга ҳам ўз ҳиссасини қўшишди. Кўплаб чиқиндилар йиғиштирилиб, дарахтзорлар ва сайилгоҳлар обод этилди.



***
Ёшларни ватанпарварлик, миллий ғурур ва тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида Жиззахда турли маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалининг “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими” тьюторлари Психология факультети талабалари учун Жиззах давлат педагогика университети ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига саёҳат уюштирди.
Талабалар музейда мустақиллик учун жонини фидо қилган ватандошларимиз, адиб ва маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ҳамда уларнинг мардонавор курашлари билан яқиндан танишишди.


***
Пахтакор туманида “Қадриятлар қадр топган оила” мавзусида тарғибот-тушунтириш ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Ушбу жараёнга отинойилар, “Оқила аёллар” ҳаракати ва “Бувижонлар мактаби” аъзолари фаол жалб этилган.
Тадбирларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш, ёшларни соғлом маънавий муҳитда тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.


***
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими ўртасида маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, шахсий таркиб ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш ва китобга бўлган меҳрни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида икки томон ҳамкорлигида ижодий учрашувлар, адабий кечалар, китоб тақдимотлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни мунтазам ўтказиш режалаштирилган.


***
Шароф Рашидов туманида таълим муассасалари раҳбарияти ва маҳалла еттилиги аъзолари учун “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони ижросига бағишланган семинар ўтказилди.



Унда 48 та маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, шунингдек, 61 та умумтаълим мактаби директорлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва психологлар иштирок этишди. Семинар якунида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда амалиётчи психологлар томонидан амалий дарслар ташкил этилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири