Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззах вилояти хабарлари — қисқа сатрларда
16:50 / 2025-11-04

Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлаган UNESCO Бош конференсиясининг 43-сессияси доирасида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Сардор Шукуруллаев UNESCO вакиллари, хорижий элчилар ҳамда туризм ва маданият соҳаси мутахассислари билан қатор норасмий учрашувлар ўтказмоқда.

Учрашувлар чоғида маданий меросни асраш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Даниянинг UNESCOдаги муваққат вакили Анна Марие Вуетманн билан бўлган мулоқотда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

UNESCO нинг Самарқанд сессияси барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш сари муҳим амалий қадам сифатида эътироф этилмоқда.

***

Жиззах вилоятида “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтмоқда. Танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Бахмал туманида ўтказилган босқичда ёшлар ижтимоий фаоллик, етакчилик салоҳиятлари ҳамда маҳаллада ёшлар билан ишлашдаги тажрибаларини намойиш этишди.

Иштирокчилар Низом талабларига мувофиқ 10 та йўналиш бўйича беллашдилар. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Танлов ёшлар етакчиларининг ташаббускорлигини рағбатлантириш, уларнинг жамоат ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.

***

Пахтакор туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда. Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимлари тўлиқ текширилди ва зарур таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, кўчалар, ҳовлилар ва жамоат жойларида ободонлаштириш ҳамда тозалик ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Чиқиндилар махсус техникалар ёрдамида белгиланган тартибда олиб кетилмоқда.

Кўрилган чоралар туман аҳолиси учун қулай ва муносиб яшаш шароити яратишга, ҳудуднинг обод ва тоза бўлишини таъминлашга қаратилган.

***

Зафаробод туманининг  Писталикент маҳалласида китобхонликни тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ўқувчилар, уларнинг устозлари ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, китобнинг инсон тафаккури ва маънавий тарбиясидаги ўрни ҳақида фикр алмашдилар.

Ўқувчилар томонидан бадиий асарлардан парчалар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди ҳамда китобхонлик бўйича беллашувлар ўтказилди. Фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбир якунида “Бир оила – бир китоб” ташаббуси илгари сурилиб, ота-оналарни ҳам китобхонликка жалб этиш бўйича тавсиялар берилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ёшларда китобга бўлган муҳаббатни ошириш, ўқиш маданиятини мустаҳкамлаш ва соғлом дунёқарашни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

***

Шароф Рашидов туманида умумтаълим мактабларининг инглиз тили ўқитувчилари учун “Professional Growth for English Teachers: Teach Smart, Inspire More” (Инглиз тили ўқитувчилари учун касбий ривожланиш: Ақл билан ўқит, илҳом бағишла) мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинар Президентнинг 2024 йил 27 июндаги “Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросининг доирасида ташкил этилди.

Иштирокчилар учун очиқ дарслар, мастер-класслар ва тажриба алмашув сессиялари ўтказилди. Улар миллий ҳамда халқаро имтиҳонларга тайёргарликнинг самарали усуллари билан танишдилар.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири